Имтиҳонсиз “права” олиб беришни ваъда қилганлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
15 Октябрь
3717Тошкент ва Қашқадарёда имтиҳонсиз ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Бекобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “А.Қ.” МЧЖ автомактаби ходими Ж.Ж. 4 нафар фуқарога гўёки Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришини айтиб, эвазига фуқаро У.Ж.дан жами 1 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро М.А. фуқаро Н.О.га гўёки Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига жами 300 АҚШ доллари ва 2,3 млн сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 1,6 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб,тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятида ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланган эди.