“Имтиёзхўр” давлат корхоналари рўйхати эълон қилинди

Жамият

image

Ўзбекистонда ўтган 2022 йилда давлат иштирокидаги корхоналар томонидан бюджетга жами 58 трлн сўм солиқ тўловлари тўланган. Бу эса давлат бюджети даромадларининг 28,8 фоизини ташкил этган. 

Аммо 2022 йилда давлат иштирокидаги 803 та корхоналар 28 трлн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Бу эса улар томонидан тўланган солиқларнинг ярмидан кўп дегани.
 
Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2022 йил якуни бўйича эълон қилган йиғма хисоботига кўра, давлат иштирокидаги жами 15 та тижорат банклари томонидан бюджетга 4 трлн сўм солиқ тўланган. Уларга “совға” қилинган солиқ имтиёзлари миқдори эса 10 трлнга яқин.

Шунингдек, 2022 йилда давлат иштирокидаги 40 та энг йирик корхоналардан давлат бюджети учун 47 трлн сўм солиқ олинган бўлса, 15 трлн 670 млрдлик солиқ имтиёзлари берилган. 

Булардан:

•  19 трлн 401 млрд сўм солиқ тўлаган “Навоий кон металлургия заводи”га 87,7 трлн сўм;

•  9,5 трлн сўм солиқ тўлаган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖга 3 трлндан ошиқ;

•  4,3 трлн сўм солиқ тўлаган “Ўзбекнефтегаз” АЖга 68,4 млрд;

•  2,8 трлн сўм солиқ тўлаган “Ўзтрансгаз” АЖга 453 млрдга яқин;

 2,4 трлн сўм солиқ тўлаган “Ҳудудгазтаъминот” АЖга 2,7 млрд;

•  1 трлн сўм солиқ тўлаган “Навоийуран” ДКга эса унинг ярми миқдорида 531 млрдлик солиқ имтиёзлари берилган.

Ажабланарлиси, 2022 йилда “Uzbekistan airways” АЖ давлат бюджетига 240 млрд сўм солиқ тўлаган бўлса, унга солиқдан нақ 1,5 трлн сўм имтиёз берилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам 209 млрд сўм солиқ тўлаган, аммо 844 млрд сўм имтиёзга эга чиққан. 256 трлн сўм солиқ тўлаган “Uzbekistan airports” АЖ деярли шунча миқдорда имтиёзларни қўлга киритган – 212 млрд сўм

Бироқ иқтисодчи Отабек Бакиров бундай имтиёзларга қарши чиқиб, “йўқолсин имтиёзлар!” демоқда. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида бир неча бор изоҳ ёзган.

Унинг фикрича, имтиёз ва истиснолар иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва бюджет мувозанатини издан чиқаради. Тенгсизликни кучайтириб, паразит монополиялар ва олигархиянинг ўз фойдасига энг муҳим қарорлар қабул қилишига бевосита таъсир ўтказади ва умуман инклюзивликни йўққа чиқаради.

“Ҳақиқий тадбиркор имтиёз эмас, соғлом рақобат муҳити ва тенг имкониятларни сўрайди ва талаб қилади”, деган у шундай изоҳларидан бирида.


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Бакиров Давактив солиқ имтиёзлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг