“Импортный” озиқ-овқатларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун 1,8 трлн сўм ажратилади
Жамият
−
23 Март 2023
3483Энди кўп импорт бўлаётган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича 1,8 триллион сўмлик 2 мингта лойиҳа ишга туширилади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Унда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш юзасидан керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Йиғилиш якунида мутасаддиларга:
• аҳолига бўлиб берилган 200 минг гектар, дала четларидаги 50 минг гектар ҳисобидан 5 миллион тонна қўшимча маҳсулот етиштиришни таъминлаш;
• иқтисодий инструментларни кўпайтириб, ҳоким ёрдамчилари тизими орқали ушбу ерларда кооперацияни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш;
• деҳқон ва фермерларга қулай бўлган 250 миллион долларлик кредит, лизинг ва суғуртанинг янги турларини йўлга қўйиш;
• бозорлардаги нарх-наво ўзгариши ва маҳсулот камайишини олдиндан ҳисоб-китоб қилиш, озиқ-овқат инфляциясини 10 фоиз чегарада қатъий ушлаб туриш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.