Имомўғлининг ўрнини партиядоши эгаллади
Олам
−
26 Март
8335Мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси вакили Нури Аслан ҳибсга олинган Экрем Имомўғли йўқлигида Истанбул ҳокими вазифасини бажарувчи бўлди. Бу ҳақда “Haber Global” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, ҳоким вазифасини бажарувчи сайловнинг учинчи босқичида муваффақият қозонган. Асланнинг рақиби ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси номзоди Зейнел Абидин Окул эди. У шаҳар кенгашидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси фракцияси раҳбари лавозимини эгаллайди.
Аслан 20 мартдан буён Истанбул ҳокими вазифасини бажариб келаётган эди, 19 март куни Имомўғли ҳибсга олинганидан сўнг, унга расман шаҳар мериясини вақтинча бошқариш ҳуқуқини берган.
Шаҳар парламентида (314 депутат) Жумҳурият Халқ партияси 186 ўринга эга, бироқ 10 нафар партия вакили ҳибсда бўлгани учун овоз беришда иштирок эта олмади ва мухолифат 176 та овозга эга бўлди.
“Адолат ва тараққиёт” партияси 120 ўринга эга, яна бир қанча ўринлар бошқа партиялар ва мустақил депутатлар ўртасида тақсимланган.
Дастлабки икки турда ғалаба қозониш учун номзод камида овозларнинг учдан икки қисмини олиши керак эди. Учинчи турда оддий кўпчилик етарли бўлди ва Аслан 177 овоз олди.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан жиноий ташкилот етакчиси бўлиш, жиноий ташкилотга аъзолик, товламачилик, порахўрлик, малакали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш ва тендер савдоларини сохталаштиришда, Имомўғли ва яна 6 киши эса қуролли террор ташкилотига ёрдам бериш билан гумонланганди.
23 март куни суд Экрем Имомўғлини коррупция тергови доирасида ҳибсга олишга қарор қилди. Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.
Ўша куни Экрем Имомўғли президентликка номзод қилиб кўрсатилиши учун 14,85 миллиондан ортиқ киши овоз берди.
Мазкур воқеалар фонида Туркиянинг йирик шаҳарларида намойишлар авж олди. Намойишларда 1 мингдан ортиқ одам ҳисга олинди. Улар орасида Президент Эрдўған ва унинг марҳум онасини ҳақорат қилганлар ҳам бор. Эрдўғаннинг ўзи намойишларда қатнашганларни бундай ҳаракатларининг оқибатларидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси