Имомали Раҳмон “Арқадағ”ни Душанбедаги саммитга таклиф қилди
Олам
−
01 Сентябрь 2023
4561Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Туркманистон Халқ кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга мактуб йўллади. Бу ҳақда Туркманистон оммавий ахборот воситалари ёзмоқда.
Қайд этилишича, Имомали Раҳмон қўшни республиканинг собиқ раҳбарини Марказий Осиё давлатлари Президентларининг музокараларида иштирок этишга таклиф қилган.
“Ишончли сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, сизни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи юбилей маслаҳат учрашувида иштирок этишга таклиф қилишдан мамнунман”, дейилади Раҳмоннинг мактубида.
Тожикистон раҳбари бўлажак учрашув минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш жараёнини, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. У ерда етакчилар амалдаги келишувларнинг самарадорлигини муҳокама қилади, шунингдек, янги келишувларни имзолайди. Саммит доирасида Душанбеда 16 та тадбир, жумладан, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий форуми, олимлар учрашуви, маданий тадбирлар ва минтақанинг барча бешта давлатининг ошпазлик анъаналарини акс эттирувчи миллий таомлар кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви илк бор 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган.
LiveБарчаси