Имомали Раҳмон Марказий Осиёда энергетика комиссияси тузишни таклиф қилди

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таркибида Марказий Осиёдаги энергетика масалаларини тартибга солиш учун комиссия тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 15 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ОҚХЖ таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида сўз очди.

“Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ислоҳ қилиш жараёнида энергетика масалалари жамғарма ваколатига киритилгани ва бу бўйича алоҳида комиссия тузиш таклиф этилаётгани қувонарлидир”, деган Раҳмон. 

Унинг қайд этишича, жамғармада сув бўйича комиссия мавжуд, бироқ энергетика масалаларини тартибга солувчи платформа йўқ. 

“Ишончим комилки, бундай платформа минтақа давлатларининг долзарб энергетика масалаларини ҳал қилишдаги ўзаро ҳамкорлик учун фойдали бўлади. Бу сув ва энергетика масалаларини бир муассаса доирасида тартибга солиш нуқтаи назаридан жуда муҳим”, дея тушунтирган Раҳмон.

Тожикистон Президенти иқлим ўзгариши саъй-ҳаракатларини бирлаштириш кераклигини айтиб ўтган. 

“Бир неча йил кетма-кет кузатилаётган сув етишмаслиги, қурғоқчилик, кўчкилар нафақат қишлоқ хўжалигига, балки умуман ижтимоий аҳволга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу муаммоларга қарши туриш учун биринчи навбатда сув-энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш зарур”, дейди у.

Маълумот учун, ОҚХЖ 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан экологик инқирозни бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида ташкил этилган бўлиб. Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ушбу жамғарма аъзолари ҳисобланади. Қирғизистон эса 2016 йилда жамғармадаги иштирокини тўхтатган. 2020 йилдан буён Тожикистон ОҚХЖга раислик қилиб келаётган эди. Ушбу йиғилишда жамғарма раислиги Қозоғистонга ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур тадбирда сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий музокараларга Афғонистонни ҳам жалб этишни таклиф қилганди. Шунингдек, у “Қўштепа” канали қурилишининг барча жиҳатларини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳ тузиш зарурлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Душанбе Имомали Раҳмон Марказий Осиё энергетика

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг