АҚШ Ўзбекистоннинг қўшниларига қурол экспортини чеклади
Олам
−
27 Апрель
20353Қўшма Штатлар Америка ўқотар қуролларини ноқонуний қайта сотиш хавфи юқори бўлган 36 давлатга етказиб бериш шартларини кучайтирди. Бу ҳақда АҚШ Савдо вазирлиги баёноти эълон қилинди.
Апрель ойида Давлат департаменти инсон ҳуқуқлари ва қурол савдоси соҳасидаги бузилишлар энг кўп қайд этилган 36 та давлат рўйхатини тузди. Улар орасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бор. Бундан ташқари рўйхат Вьетнам, Ямайка, Индонезия, шунингдек, Марказий ва Жанубий Америка давлатларини ўз ичига олган.
Янги қоидаларга кўра, АҚШ Савдо вазирлиги ушбу мамлакатларга тижорат экспорти учун аризаларни “тасдиқлаш презумпцияси” эмас, балки “рад этиш презумпцияси” асосида кўриб чиқади. Бундан ташқари, улар учун экспорт лицензияси муддати тўрт йилдан бир йилгача қисқартирилади.
“Кўпинча Қўшма Штатларда ишлаб чиқарилган қуроллар нотўғри қўлларга тушиб, мамлакатнинг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати манфаатларига бевосита зарар етказади. Бунга қарши курашиш учун биз юқори хавфли мамлакатларга экспортни чеклаш ва қурол-яроғ ўтказмаларини назорат қилиш чораларини кўрмоқдамиз", дейди АҚШ Савдо вазири Жина Раймондо.
Қайд этилишича, ўзгаришлар Америка қуроллари қўлланилган ҳолда дунё минтақаларида беқарорликнинг кучайиши хавфини камайтиришга қаратилган. Регламент май ойи охирида кучга киради.