Илтимос, сизни жазолашга бизни мажбур қилманг – ИИВ фуқароларга мурожаат йўллади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакатда аҳоли орасида коронавирус юқтириш ҳолати кўпайгани ва одамлар карантин қоидаларига риоя қилмай қўйгани сабабли ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.

“Охирги вақтларда карантин чекловлари юмшатилиб, кўпгина ташкилот ва корхоналарга, тадбиркорларга иш юритишга шароит яратиб берилди, одамларнинг кўчага чиқишига имкон яратилди. Лекин фуқароларимиз бундан тўғри хулоса чиқармасдан, хавфли юқумли касалликдан бутунлай халос бўлдик деган тушунча билан, карантин қоидаларига беписанд муносабатда бўла бошладилар. Бозорларимизда, савдо нуқталаримизда ижтимоий масофа сақланмаяпти, фуқаролар тиббий ниқобни кўп кунлар, хаттоки хафталар давомида алмаштирмасдан тақмоқдалар, кўчага ниқобсиз чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Транспортда юриш чекловларига риоя этилмаяпти.

“Биз тушунамиз. Кунлар иссиқ, одамлар карантин чекловларидан чарчашган. қариндошлари, дўстлари билан дийдорлашишга ошиқишади. Тоғ ёнбағрларига чиқиб, дам олишни хоҳлашади. Кечки вақтларда оилавий сайр қилгиси келади. Даромад топиш мақсадида кўп фуқаролар билан мулоқотда бўлишади. 

Лекин шу жойда эътиборингизни баъзи рақамларга қаратмоқчимиз. Бугунги кунга келиб касаллик аниқланган фуқароларимиз сони 3 440 тадан ошди, улардан деярли 20 фоизи ҳали тузалмаган, 14 киши вафот этди, 4 киши оғир аҳволда. 46 минг 600 дан зиёд фуқаро карантинда қолмоқда энг ачинарлиси биз билган 127 нафар фуқаронинг касаллик юқтирган манбаси ҳанузгача аниқланмаган. Шу билан бирга касал бўлганини ҳеч кимга билдирмасдан ёки коронавирус инфекциясини юқтирганини билмаган ҳолда уй шароитида даволанган беморлар ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Хабарингиз бор, охирги вақтларда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида коронавирус касаллиги аҳоли орасидан аниқланмоқда. Бу рақамлар ҳар куни кўпайиб боряпти. Охирги икки кунда Тошкент шаҳрининг ўзида уларнинг сони 30 тага яқинлашди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг гигиена қоидалари ва белгиланган чекловларга беписанд бўлишлари натижасидир.

Ички ишлар органлари мутасадди вазирлик ва идораларнинг ходимлари билан бирга касалланган шахслар билан мулоқотда бўлган фуқароларни аниқлаш, уларни тезкорлик билан карантинга олиш бўйича мураккаб тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширмоқдалар. Унутманг, касаллик ташувчи шахслар ўзлари билмаган ҳолда орамизда юриши мумкин. Шунинг учун, аввало, ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун ниқобсиз юрманг, мақсадсиз кўчага чиқманг, зарурат туғилганда бозор ёки дўконга тушсангиз, ижтимоий масофани қатъий сақланг.

Тартибни сақлаб қолиш бизнинг бурчимиз, огоҳлантириш эса вазифамиздир. Илтимос, сизни жазолашга бизни мажбур қилманг. Ҳеч ким яна бир неча ой уйда ўтиргиси келмаяпти. Буни қайтармаслик ўзимизнинг қўлимизда”, дейилади Ички ишлар вазирлигининг ўзбекистонликларга йўлланган видеомурожааатида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 3513 тага етди. Бугунгача беморларнинг 2728 нафари соғайган ва 14 нафари вафот этган. Ҳозирда 771 нафар бемор шифохоналарда даволаняпти.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди.

Аммо карантин чекловлари бироз юмшатилди. Хусусан, “яшил” ҳудудларда белгиланган тартибда тўй ва оилавий маросимлар ўтказишга ҳамда вилоятлараро ҳаракатланувчи автобуслар қатновига рухсат берилди. 5 июндан Ўзбекистонда футбол мусобақаларини давом эттириш белгиланди. Шу билан бирга барча ҳудудлар учун бирдек ўз кучида қоладиган чекловлар ҳам эълон қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг