Илон Маск Трампнинг атрофидагиларга ёқмаяпти
Олам
−
14 Ноябрь
4076Миллиардер Илон Маскнинг сайловдан кейинги бир ҳафта давомида Дональд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳига деярли ҳар куни ташриф буюриши Трампнинг атрофидагиларни ғашини келтира бошлаган. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
Манбаларга кўра, Маскнинг ташрифи Трампга бизнесмендан кўра яқинроқ бўлган одамларнинг эътирозига сабаб бўлган. Улар Маск ўз чегарасидан чиқиб кетаётганини айтмоқда.
“У ўзини ҳам президент сифатида тутяпти ва ҳамманинг бундан хабари борлигига ишонч ҳосил қилмоқчи. У ўзини президентнинг ғалабасига катта ҳисса қўшган деб ҳисоблаяпти. America PAC (Маск Трампнинг сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун очган ташкилоти) ва Х ижтимоий тармоғи билан тинглашни хоҳлаган барчанинг олдида мақтанмоқда. У Трампни ўзининг олдида қарздор сифатида ҳис қилишга мажбурлаяпти. Президент ҳеч кимга, ҳеч нарсага мажбур эмас”, дейди телеканал суҳбатдошларидан бири.
Нашрга кўра, Маск Мар-а-Лагога 5 ноябрь куни сайлов натижаларини кузатиш учун келган ва кейинги ҳафтанинг асосий қисмини у ерда ўтказган. Телеканал манбаларининг таъкидлашича, миллиардер қароргоҳга куннинг исталган вақтида ташриф буюриб, Трампнинг ёнида ўтирган ҳолда унинг қўнғироқлари ва учрашувларига қўшилмоқда.
Трампнинг ўзи Вакиллар палатасидаги республикачилар билан учрашувда Маск ҳақида илиқ фикр билдирган. Бир сафар у миллиардер доим ёнида экани ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
“Илон уйига кетишни истамаяпти. Мен ундан қутула олмаяпман”, деган Трамп.
Конгрессменлар бу шунчаки ҳазил сифатида айтилганини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп миллиардер Илон Маск Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбарлик қилишини маълум қилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси