Илк бор БМТ минбарида нутқ сўзлаётган Байден дунёга қандай чақириқ билан чиқди? 

Олам 10535
image

АҚШ учун чексиз урушлар даври тугади. Бу ҳақда Президент Жо Байден Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида маълум қилди. Қайд этиш керакки, 78 ёшли америкалик сиёсатчи ушбу минбарда биринчи марта Президент сифатида нутқ сўзламоқда. 

“Афғонистондаги 20 йиллик можарони якунладик ва доимий дипломатиянинг янги даврини бошлаяпмиз”, дейди Америка раҳбари.

Президент сифатида илк бор БМТ минбаридан туриб нутқ сўзлаётган Байден ҳарбий куч ишлатиш биринчи эмас, балки охирги восита бўлиши кераклигини ва “дунёдаги ҳеч қандай муаммога ундан жавоб тариқасида фойдаланиш керакмаслигини” таъкидлаган.

“Ҳеч шубҳа қилманг, АҚШ ўзини ҳимоя қилади ва биз куч ишлатишга тайёрмиз, лекин ҳар бир миссия аниқ ва бажарилиши керак”, дея қўшимча қилди Америка раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон янги Совуқ уруш ва дунёни блокларга бўлишга интилмайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар қандай давлат билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Байден Дональд Трамп маъмурияти даврида АҚШ Эрон ядровий битимидан чиқиб кетиши ҳақида гапирар экан, Америка Теҳронни ядровий қуролга эга бўлишининг “олдини олиш”га содиқлигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Байден АҚШ “Беш + Бир” гуруҳи (БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ва Германия) билан биргаликда, агар Ислом Республикаси рози бўлса, Эроннинг келишувга қайтишига дипломатик йўл билан эришишга тайёрлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, Президент Америка дипломатик йўл билан Корея ярим оролини ядросизлантиришга интилади, дея қўшимча қилган.

Америка Президенти ўз нутқини дунё раҳбарларига замонанинг қийинчиликларига дош беришга, яхшироқ келажак қуришга ва сайёрани қутқаришга чақириш билан якунлаган.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги бугун, 21 сентябрь куни бошланди ва 27 сентябргача давом этади. Тез орада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқи билан ушбу сессиясида иштирок этади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 413
Рейтинг: 2.9
t
×