Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга келаётгани расман тасдиқланди
Жамият
−
21 Август
5564Аввалроқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева 22-23 август кунлари Ўзбекистонга келиши ҳақида хабар берилганди. Президент матбуот хизмати буни тасдиқлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширилаётган ушбу давлат ташрифи дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар диққат марказида бўлади.
Шунингдек, Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.
Маълумот учун, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 11 йиллик танаффусдан сўнг 2022 йилнинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширганди. 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Ўша йилнинг ноябрь ойида эса Илҳом Алиев рафиқаси – вице-президент Меҳрибон Алиева билан Туркий тилли давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтган саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Ўтган йилнинг август ойида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева давлат ташрифи билан Озарбайжонга борди. Ташриф давомида Қорабоғга ҳам борилди ва Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактаб очилди.
8 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди.
24 ноябрда эса Шавкат Мирзиёев БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммити тадбирларида иштирок этиш учун Бакуга борди. Жорий йилнинг 5 июль куни ҳам Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ушбу мамлакатга борди.