Илҳом Алиев Дмитрий Медведевга норозилик хатини йўллади

Олам 17591
image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Россиянинг собиқ Президенти ва собиқ Бош вазири Дмитрий Медведевга норозилик мактубини йўллади

Гап шундаки, Россия Давлат думаси депутати, ҳукмрон “Ягона Россия” партияси аъзоси Виталий Милонов Янги йил байрами муносабати билан Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудига ноқонуний равишда борган ва у ерда бир қатор учрашувлар ўтказган. 

Маълумотларга кўра, унинг бу ҳаракати Озарбайжон раҳбариятининг кескин норозилигига сабаб бўлган. 

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев “Ягона Россия” партияси раиси – собиқ Президент ва ва собиқ Бош вазир Дмитрий Медведевга мактуб йўллаб, унга ўзи раҳбарлик қилаётган партия аъзосининг Озарбайжон ҳудудига ноқонуний ташрифи муносабати билан  кескин норозилик билдирган ва тезкор чоралар кўришини сўраган. 

Қорабоғ уруши ва россиялик аскарлар

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Икки томон ўртасида давом этган 44 кунлик урушда Туркиянинг ёрдами билан Озарбайжоннинг қўли баланд келди. 

Ўша йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар. 

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.  

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди. 

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.  

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.

Ҳозиргача Озарбайжон Мудофаа вазирлиги чегарада Арманистон томонидан провокациялар амалга оширилаётгани ва унда ҳарбийлар қурбон бўлаётгани ҳақида хабарлар эълон қилмоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 410
Рейтинг: 3
t
×