Илҳом Алиев ҳам Москвадаги парадга бормайдиган бўлди

Олам 6069
image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 24 июнь куни Москвада Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган ҳарбий парадда иштирок этмайди. Бунга COVID-19 коронавирус пандемияси авж олаётгани сабаб бўлди.

Озарбайжонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортиб боряпти. Шу сабабдан мамлакатда карантин режими 1 августгача узайтирилди.

Алиев Путин билан телефон мулоқоти вақтида карантин муддати узайтирилгани учун парадда иштирок этолмаслигини ва бундан афсусда эканини билдирган.

Москвага Президентнинг ўрнига Мудофаа вазири Зокир Гасанов ва 75 нафар ҳарбий боради.

19 июнь куни Озарбайжонда коронавирусга чалинганлар сони 438 нафарга ошган. Жами касалликка чалинганлар сони 11 767 нафарга етди. Уларнинг 143 нафари вафот этган ва 6 325 нафари соғайган. Касаллик 5 299 кишида актив бўлиб турибди. Уларнинг 66 нафари оғир аҳволда.

Аввалроқ, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Москвадаги парадда иштирок этолмаслиги маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ва Озарбайжонда коронавирус аниқлангунга қадар жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиева рафиқаси – мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева билан Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилаётган эди. Бироқ ташриф коронавирус пандемияси сабаб қолдирилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев иштирокида тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлар ўтказилиши, икки давлат раҳбарлари пойтахт Тошкентда барпо этилаётган Ҳайдар Алиев номидаги боғнинг очилиш маросимида иштирок этиши режалаштирилган эди

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3
t
×