Икки болани етим қилган “участковый” ёрдамчиларининг иши судга оширилди
3-саҳифа
−
17 Сентябрь 2021
11708Жорий йилнинг 11 июль куни Сурхондарё вилояти Денов туманида маҳалла профилактика инспектори ёрдамчилари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этган фуқаронинг ўлими сабаб очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракати тамомланди. Иш материаллари жиноят ишлари бўйича вилоят судига юборилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 10 июль куни Денов тумани Охтом маҳалласида фуқаро Ю.Хушматов туман ички ишлар органларига акаси Х.Хушматов яшаш уйида жанжал қилиб, тинчлигини бузаётгани ҳақида хабар берган.
Шикоят асосида маҳалла профилактика инспектори С.Пардаев Х.Хушматовнинг яшаш хонадонига ёрдамчилари Х.Шералиев ва Т.Фармонов билан бориб, Х.Хушматовни туман ИИБга ўз бошқарувида бўлган LADA X-RAY русумли автомашинасида олиб келаётганда маст бўлган фуқаро фаол қаршилик кўрсатган. Уни тинчлантириш мақсадида профилактика инспектори ёрдамчилари Х.Шералиев ва Т.Фармонов ўз ваколатлари доирасидан чиқиб бир неча марта уриб, тан жароҳати етказган.
Тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган Х.Хушматов жорий йилнинг 11 июль куни соат 10:00 ларда Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани прокуратураси томонидан ўша куни Х.Шералиев ва Т.Фармоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган.
Х.Шералиев ва Т.Фармоновга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 2021 йил 12 июлдаги ажрими билан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Денов туман ИИБ профилактика инспектори С.Пардаевга нисбатан жорий йилнинг 12 августида ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми ва 208-моддаси билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
Марҳум Хушматовнинг турмуш ўртоғи ижтимоий тармоқларда видеомурожаат билан чиққанди. Аёл мурожаатида икки боласи билан кўчада қолганини айтиб, эрининг ўлимига сабабчи бўлганларни жазолашни талаб қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь