ИИВга янги вақолат берилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлигига автомототранспорт ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасидаги нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти тури учун лицензия бериш ваколати берилмоқда. 

Бугун, 8 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ИИВга мазкур ваколатнинг берилиши кўзда тутилган.

Амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишга ўқитиш тадбиркорлик субъектларига берилган бўлиб, уларга тегишли лицензиялар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилиши белгиланган.

Депутатларнинг таъкидлашича, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига юклатилган бўлиб, натижада бундай тартиб турли номувофиқликларни келтириб чиқармоқда. Яъни лицензия берувчи ва уни ижросини назорат қилувчи органлар – бошқа-бошқа органлар бўлмоқда. Бу эса ҳайдовчилар тайёрлаш тизимини яхлит ҳолда назорат қилишга салбий таъсир кўрсатяпти.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида юқоридаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эндиликда ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектлари ва имтиҳон марказларига бу турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиянинг Ички ишлар вазирлиги томонидан берилиши белгиланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектларига лицензия бериш ва уларни фаолиятини назорат қилиш ягона давлат органи — ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ваколатига ўтказиш орқали таълим сифатини оширилишига ҳамда йўлларда ҳаракатланиш хафсизлигини таъминланишига эришилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг қайд этишича, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ушбу фаолият тури учун давлат божи миқдори БҲМнинг 10 баравари миқдорида этиб белгилаш кўзда тутилган. 

Мазкур қонун лойиҳаси “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ички ишлар вазирлиги

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг