ИИВ биноси ёнидан ўтган ерости кабелларидаги ёнғин сабабли давлат хизматларида узилишлар бўлмоқда
Олам
−
10 Июнь
4714Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги биноси ёнидан ўтган ерости кабелларида ёнғин ҳолати кузатилганлиги сабабли Давлат хизматларида паспорт ва манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар бўлмоқда. Бу ҳақда Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ эса бугун, 10 июнь куни 35/10/6 кВли “Ўзбекистон” подстанциясидан чиқувчи кабель тармоғи шикастланганини маълум қилди.
"Вужудга келган ҳолат бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилган бўлиб, айни пайтда Яккасарой туманининг Конституция ва Юнус Ражабий маҳаллалари ҳамда Миробод туманининг Абдулла Авлоний ва Ат-Термизий маҳаллаларидаги аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан узилган", дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ИИББ бугундан “Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими”да техник профилактик ишлар олиб борилаётганини эълон қилди. Билдирилишича, шу сабабли Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ "Маъмурий амалиёт" ва “Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида узилишлар юзага келмоқда.
Узилишлар қуйидаги тизимларда кузатилмоқда:
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳамда Ўзбекистон Республикасида доим яшовчи чет эл фуқароларига идентификация ID карта бериш;
- фуқароларни ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек мамлакатимизда доимий яшовчи чет эл фуқароларини доим яшаш манзили бўйича рўйхатга олиш; вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш манзили ҳамда вақтинча турган манзили бўйича рўйхатга олиш.
Эслатиб ўтамиз, бугун соат 08:10 да Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Афросиёб ва Ш.Рашидов кўчалари кесишмаси олдида жойлашган ерости туннелида электр симларини туташи кузатилганди. Воқеа жойига 9 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 08:15 да етиб борди. Ёнғин соат 09:08 да қуршаб олинди ва соат 09:15 да бартараф этилди.