ИИВ Андижондаги зўрлаш бўйича қўшимча маълумот берди. Ишни шахсан вазир назорат қилмоқда

Жамият 39955
image
-

Андижонда 6 эркак 5 ойлик келинчакни зўрлагани ҳақида хабарлар тарқалгани, ҳолат бўйича вилоят ИИБ суриштирув ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ички ишлар вазири воқеани ўз назоратига олди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, мазкур жиноятни фош этиш жараёни Ички ишлар вазирининг шахсан назоратида бўлиб, ҳолат тўлиқ ўрганилмоқда. Терговнинг якуни бўйича ҳар бир иштирокчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда айбдорлар учун жазо муқаррарлиги таъминланиши кафолатланади. Бу ҳақда жамоатчиликка ўз вақтида ва батафсил эълон қилинади.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Андижон вилояти ИИБ томонидан амалга оширилмоқда. Ишга Ички ишлар вазирлигининг алоҳида мутахассислари жалб этилган.

Ҳозирда, воқеа жойидан олинган ашёлар, биологик излар, жабрланувчи ва гумонланувчиларга тегишли кийимлар далил тариқасида олиниб, суд-тиббий экспертиза, судга оид биологик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертизалар тайинланган.

Шунингдек, жабрланувчи О.О.нинг кўрсатмасига кўра, унга зўрлик ишлатган ҳамда жинсий алоқада бўлгани важ қилинаётган олти нафар гумонланувчи фуқароларнинг кўргазмалари, воқеанинг хронологик тартиби ҳамда мавжуд гувоҳларнинг баёнотлари тўлиқ ўрганилмоқда. 

Воқеа юзасидан гумонланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, дастлабки суд тиббий экспертизасининг натижалари ҳамда жабрланувчининг кўрсатмалари ўртасида жиддий тафовутлар борлиги сабабли, қўшимча тергов ва тезкор ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратуранинг QALAMPIR.UZ’га берган маълумотига кўра, 18 ёшли фуқаро О.О. 13 май куни 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, фуқаролар С.А. ва М.О. уни зўрлаганини айтган. Мазкур ҳолатда 6 киши – С.А., М.О., М.А., Ж.М., Ж.Х. ва А.Б. айбдор деб гумон қилиняпти.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2111
Рейтинг: 3
Теглар
t
×