ИИББ Ўзбекистон-Саудия Арабистони ўйини томошабинларига мурожаат йўллади
Жамият
−
14 Ноябрь 2019
9239Бугун, 14 куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаш босқичининг навбатдаги тури доирасида Тошкентда Саудия Арабистони термасига қарши майдонга тушади. Ўйин “Пахтакор” стадионида ўтказилади.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ўзбекистон- Саудия Арабистони ўйинини томоша қилиш учун стадионга келувчиларга мурожаат билан чиқди. Бошқарма улардан автомобилларини стадион атрофидаги йўллар четида қолдирмасликни сўради.
“14 ноябрь куни соат 17:00 да “Пахтакор” стадионида Жаҳон чемпионати-2022 саралаш босқичининг навбатдаги ўйини – Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Стадионга келишни режалаштираётган футбол мухлисларидан автомобилларни “Пахтакор” стадиони атрофидаги йўллар четида эмас (Ислом Каримов, Олмазор ва Навоий кўчалари), балки “Хумо Арена” муз комплексининг автотураргоҳида қолдиришларини сўраймиз”, дейилади бошқарма хабарида.
ИИББ спорт тадбирига илгарироқ келиб, футбол мухлислари учун махсус ажратилган автотураргоҳдан машинага жой эгаллаб олишни ёки такси ва жамоат транспорти хизматларидан фойдаланишни тавсия қилган.