Иcроил Ғарбий соҳилни аннекция қилса, АҚШни йўқотади – Трамп

Олам

image

АҚШ Президент Дональд Трамп Исроилнинг Ғарбий Соҳилни аннекция қилиш таклифини рад этди ва бунга кескин қарши эканини билдирди. Бу ҳақда у “The Time” журналига берган интервьюсида маълум қилди.

АҚШ Президентининг сўзларига кўра, у араб мамлакатларига бу содир бўлмаслиги ҳақида ваъда берган ва буни устидан чиқиши керак. 

“Бу содир бўлмайди, чунки мен араб мамлакатларига ваъда берганман ва ҳозир бу содир бўлиши мумкин эмас. Араблар бизни фаол равишда қўллаб-қувватламоқда. Агар бу содир бўлса, Исроил Қўшма Штатларнинг барча қўллаб-қувватлашини йўқотади”, деган Трамп. 

Трампнинг баёноти 15 октябрь куни эълон қилинган эди, аммо интервьюнинг нашр этилиши Исроил парламенти (Кнессет) томонидан мамлакат суверенитетини босиб олинган Ғарбий Соҳилгача, асосан, аннекцияга кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг дастлабки тасдиқланиши билан бир вақтга тўғри келди. Йигирма беш аъзо қонун лойиҳасини илгари суриш учун овоз берди, 24 киши эса қарши овоз берди, жумладан, Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси ҳам қаршилар сафига кирди. Бу қонун лойиҳасининг қабул қилинишининг тўрт босқичидан фақат биринчиси.

Бу ташаббус АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Давлат котиби Марко Рубио томонидан аллақачон танқид қилинган. Вэнс Кнессет қарорини “аҳмоқона сиёсий ҳийла” ва Қўшма Штатларга нисбатан “ҳақорат” деб атаган.

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил парламентининг қарорини қоралаган.

Маълумот учун, Исроил 1967 йил олти кунлик уруш пайтида Ғарбий Соҳилни эгаллаб олган ва уни ишғол қилинган эмас, балки баҳсли ҳудуд деб ҳисоблаб келмоқда. Бироқ, бу позицияни халқаро ҳамжамият ва БМТ қўллаб-қувватламайди. 

Қайд этиш жоиз, октябрь ойида Трампнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Ғазо секторида сулҳ тузилди. У 10 октябрдан бери амалда бўлиб, баъзи қоидабузарликлар кузатилди. Бу даврда, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан гаровга олинган барча тирик қолганлар Исроилга қайтиб келди ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини топшириш жараёни давом этмоқда. Бунга жавобан, юзлаб фаластинлик маҳбуслар озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу журналга берган интервьюсида Трамп Ғазо секторига ташриф буюриш ниятини эълон қилганди. Оқ уй раҳбарининг минглаб фаластинликлар қабристонига айланган ҳудудга айнан қачон бориши номаълум, лекин баъзи ОАВлар у ташрифни чўзиб ўтирмай яқин орада амалга оширишини ёзмоқда. Шунингдек, Оқ уй раҳбари интервью давомида Яқин Шарқдаги вазиятни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайдиган “Тинчлик Кенгаши”га раислик қилиш ниятини ҳам билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Иcроил Ғарбий соҳил аннекция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг