Ичимлик суви билан таъминловчи корхоналарга имтиёзлар берилади
Жамият
−
08 Февраль 2022
4654Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида фаолият юритаётган хусусий корхоналарга айрим солиқ ва божхона имтиёзлари берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари қайд этилган тажрибалардан келиб чиқиб, 1 майга қадар сув таъминоти бўлмаган маҳаллаларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни тоифаларга ажратишга топшириқ берди.
Бунда қайси маҳаллада қудуқ қазиш, қайси бирига марказлашган тармоқ тортиш ёки марказий ҳовуз барпо этиш лозим, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши зарур.
Бу ишларга хусусий секторни жалб қилиш учун қуйидаги енгилликлар берилади:
• сув етказиб бериш ускуналари, махсус транспорт харид қилишга ва объектлар қуриш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади;
• импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади;
• хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади;
• ижтимоий буюртмалар учун бюджетдан ҳар йили камида 50 миллиард сўм грант ажратилади;
• ушбу маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий Кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Президент келгуси беш йилда бу соҳага 40 трлн сўм инвестиция жалб қилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув тизими қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилганини маълум қилди.
Жорий йилда ушбу мақсадлар учун 2 трлн сўм бюджетдан ажратилади, 245 млн доллар жалб этилади.
LiveБарчаси