IBA тарафдорлари Халқаро олимпия қўмитаси биноси яқинида намойиш ўтказди
Спорт
−
06 Декабрь 2022
5382Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия кенгаши аъзолари ташкилотнинг Лозаннадаги қароргоҳида боксни 2028 йилги ўйинлар дастурига киритиш талаби билан норозилик намойишини ташкил қилган Халқаро бокс ассоциацияси тарафдорлари билан конструктив суҳбат ўтказди. Бу ҳақда IBA расмий сайтида хабар берилди.
Душанба куни бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони ва 1988 йилги Олимпиада кумуш медали совриндори кичик Рой Жонс бошчилигидаги IBA тарафдорлари ХОҚ штаб-квартирасида боксни 2028 йилда Лос-Анжелесдаги Олимпиада ўйинларига киритиш талаби билан намойиш ўтказди.
“ХОҚ штаб-квартираси яқинида IBA тарафдорларининг намойиши бўлиб ўтди. Биз ўз хавотирларини билдирган одамларни тингладик. Жамоамиз улар билан учрашди, конструктив муҳокама бўлди. Лекин ХОҚ Ижроия кенгаши ҳали қарор қабул қилгани йўқ. Бу масала кейинги икки кун ичида муҳокама қилинади, ҳозирча IBA талаби бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмайди", дейди Адамс.
2019 йилда ХОҚ Халқаро бокс федерациясидан (2021 йилдан ассоциация деб юритилган) ислоҳотларни талаб қилди, аммо бир қатор шартлар ҳалигача бажарилмаган. IBA ХОҚ талабларини бажармагани муносабати билан 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада мусобақаларини ташкил этиш вазифасини ХОҚ ўз зиммасига олди. Шунингдек, қўмита ҳозирча боксни 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиада дастурига киритмасликка қарор қилди.