ИҲТ Лондондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужумни чуқур текширишга чақирди

Олам 3175
image

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) жорий йилнинг 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонасига радикал диний гуруҳлар аъзолари томонидан уюштирилган ҳужумни қоралади.

Ташкилот Озарбайжоннинг Лондондаги дипломатик ваколатхонасига уюштирилган ҳужумни “шафқатизлик ва қабул қилиб бўлмас” деб атади ва воқеани чуқур ўрганишга чақирди.

“Гуруҳ аъзолари бинога бостириб кириб, уни бузишган, бинонинг балконида диний байроқларни кўтарган ва радикал диний шиорларни айтиб ҳайқирган. Бу дипломатик биноларнинг дахлсизлиги тамойилининг бевосита бузилишидир”, дейилади ИҲТ баёнотида.

Маълумот учун, 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси радикал диний гуруҳ ҳужумига учради. Шахси номаълум бир неча киши элчихонага бостириб кириб, бино айвонида диний байроқларни очиб, радикал шиорларни айтган. Маҳаллий полиция аралашуви билан вандализм тўхтатилган ва жиноятчилар қўлга олинган.

Ҳодиса оқибатида элчихона ходимлари жабрланмаган. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британияга Вена конвенциясига мувофиқ дипломатик ваколатхоналар бинолари хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилганини маълум қилди. Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг Бакудаги муваққат ишлар вакили Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Ҳужум муносабати билан унга кескин норозилик билдирилди. 

ТИВ маълумотларига кўра, британиялик дипломатга ушбу провокация “дипломатик миссия хавфсизлигини таъминлаш муаммосини жиддий равишда очиб бергани ва қабул қилувчи давлат халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига мувофиқ хавфсизлик чораларини кўриши кераклиги” айтилган.  

Озарбайжон элчихонасига қилинган ҳужумга расмий Тошкент ҳам муносабат билдириб, бундай ҳаракатларни қоралади. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.2
t
×