Футболга “масхарабоз”лар нега керак?
Спорт
−
28 Март
32913Видео бошланишидан аввал огоҳлантириб қўяман ва бу видеода қўшимча лавҳаларнинг гувоҳи бўлмайсиз, чунки бугун биз сўз юритадиган мавзу қаҳрамони ўзига оид видеоларни тармоқлардан ўчиртирмоқда.
Концерт зали саҳнаси нега мухлислар ўтирган қатордан 1 метр баландда? Нега октагоннинг атрофи ўралган? Нега футбол майдонига футболчилар ва ҳакамлардан бошқалар йўлатилмайди? Чунки саҳна ва спорт майдонида санъат ёки спорт томошаси кўрсатаётганлар ва мухлислар ўртасида масофа бўлиши, мухлис саҳна ё майдонга чиқиб, истаган ҳаракатини қилмаслиги, машҳур шахснинг фаолиятига қизиқиши, унинг фаолиятига мухлислик қилиши, шахсига дахл қилмаслиги, чегараларни босиб ўтмаслиги билан боғлиқ.
Бутун дунёда машҳурлар, хусусан, футболчилар алоҳида протоколлар, аниқ тасдиқлаб олинган шартномалар, ҳужжатлар билан қўриқланади. Уларнинг шахсий ҳудуди, тиббий ва руҳий ҳолати, хавфсизлиги учун алоҳида жамоалар ишлайди. Исталган одам уларнинг ёнига яқинлашиб, худди биздагидек хурмача қилиқларини қилолмайди. Ҳар ҳолда “Манчестер Сити”, “Реал”, “Барселона”да кимдир футболчиларга бу қадар яқин бўлиб, улар билан бачкана видеолар улашиб боришига гувоҳ бўлмаганмиз. Бунақаси фақат Ўзбекистонда!
Ўзбек спортида, хусусан футболида, футболчилар муҳофазаси билан боғлиқ ҳолатларда халқаро қоидалар унутилганига анча бўлган. Футболчиларга ҳамма ошна, ҳамма дўст, уларни исталган жойда кўриш имконияти кенг, улар билан исталган маҳсулотни реклама қилиш мумкин, уларни амаллаб, йўлини топиб, худди қорбобони уйингизга чақиргандек, маҳаллангизга чақиришингиз ҳам қийин эмас. Бу – айни кунларда футболда “Манчестер Сити”да ўйнаётган Миллий терма жамоамиз аъзоси Абдуқодир Ҳусанов билан содир бўлаётган воқеалар фонида тўпланган хулосалар.
Ўзбекистонда мухлислар борки, йўқ, аниқроқ айтсам, шундай танланган мухлис борки, у футболчи билан бирга битта меҳмонхонада тура олади, битта автобусда юра олади, битта самолётда уча олади. Ва бу имкониятлар, чегарасизликдан фойдаланиб, дахлсизликни унутиб, футболчиларни йўқ дея олмайдиган шароитга тушириб, сурбетларча улар юзи орқали ўзининг яширин рекламалари билан ижтимоий тармоқ учун контент олади.
Ўзбекистоннинг халқаро ўйинларида футболчилар билан самолётда учаётиб ҳам бир неча маҳсулотни реклама қиладиган ҳам, улар билан бир меҳмонхонада яшаб, ҳатто, ётоғида футболчиларга шоколад тарқатиб, яширин рекламадан фойдаланадиган ҳам, ҳар учрашувда ўзига берилган ваколатларни суиистеъмол қилиб, у ёки бу маҳсулотни спортчилар орқали реклама қилиб олишга уринадиган ҳам айнан Ўзбекистонда. Чунки бошқа давлатларда бундай арзон пиарларга рухсат берилмайди. Аксинча, бундай одамлар ёки блогерлар, уларга реклама берган компаниялар ҳам футбол ташкилотлари томонидан бир неча миллионлик жаримага тортилади. Фақат бизда эмас!
Абдуқодир Ҳусанов ҳақида кўп гапирдик. Ҳамон бу футболчи атрофида бўлаётган воқеаларни таҳлил қилишяпти. Унинг Эронга қарши кўрсатган ўйини ҳақиқатда кутилмаган бўлди. Ҳеч ким “Манчестер Сити” аъзоси ўйинда Ўзбекистон терма жамоасининг энг ёмон ўйинчиси бўлади, деб ўйламаганди. Ҳатто, Эрон билан ўйинда айрим эпизодларда Ҳусановдаги концентрациянинг қочиши оқибатида Ўзбекистон терма жамоаси гол ўтказиб юборгани ҳам бор гап.
Албатта, одатда хорижий клубларда ўйнайдиган футболчилар МТЖ учрашувларига келганда халқаро шартномалари, у ердан келадиган даромадларни ўйлаб, жароҳат олмаслик учун ҳам ўзини қийнамай ўйнаши ҳақида гаплар юради, булар баъзан ўз исботини топган ҳам. Бироқ, Ҳусановга ҳозир бу керак эмас, Ҳусанов ҳозир ҳар ўйинда, у қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзини кўрсатадиган шароитда. Фақат бунга жисмоний имкониятлари йўл берса бас.
Эрон билан учрашувдан кейин Ҳусановдек футболчи, “Манчестер Сити” аъзоси наҳотки, шунақа кўп хатоларга йўл қўйса, нега у ўзига ўхшамаяпти, деган саволлар ўртага ташланди. Бу оддий мухлиснинг эмас, мутахассисларнинг ҳам фикри эди.
Ҳа, Ҳусанов ҳам хато қилади, қачонки футболчи керагидан ортиқ руҳий юкламалар олса, ўзи иштирок этиши керак бўлмаган давраларда кўриниш берса, ҳамма у билан суратга тушса, ҳамма уни ўраб олса, истаган одам уни видеога олса, у билан контент тайёрласа. Ҳусанов Жаҳон Чемпионати саралашидек муҳим даврда атиги бир неча кунгагина Тошкентга келганида футболдан бошқа ҳамма нарса билан шуғуллангандек, гўё. Масалан, у Тошкентда бўлса туриб, 17 март куни Қирғизистон билан ўйин олдидан ўтказилган машғулотда қатнашмади. У ўша куни шахсий оилавий тадбирда эди.
Либос тикувчининг ҳам контентида Ҳусанов, Наврўз байрамида ҳам Ҳусанов, тўйларнинг видеосини олувчилар лавҳасида ҳам Ҳусанов, гарчи бу унинг шахсий оилавий маросими бўлса ҳам. Сартарошнинг чиқишида ҳам Ҳусанов. Блогернинг видеосида ҳам Ҳусанов. Ҳусановни тўсатдан учратиш, у билан суратга тушиш ва бирор нарсани реклама қилиб олиш осон бўлиб қолди, қадри қолмади.
Хўш, Ҳусановнинг бу даражада дахлсиз бўлиб бораётганига сабаб нима? ЎФА деган ташкилот исталган инсонни терма жамоа меҳмонхонасига ўз уйида юргани каби кириб чиқишига қаршилик қила олмаса, лавозимига кўра фақат трибунада футболчиларни қўллаб-қувватлаши керак бўлган шахс аэропортда терма жамоанинг асосий фигурасини кутиб олса, у билан машинада, автобусда юрса, контентлар олса, рекламаларида футболчининг “face”идан фойдаланиб, унинг шахсий имижини ҳурмат қилмаса, ҳа бундай ҳолларда Ҳусанов ҳам хато қилиши, Ҳусановдан анча номдор бўлган тўп усталари ҳам ўйинда ўзига ўхшамаслиги турган гап.
Фозиловнинг айтиши бўйича, унинг аэропортда кутиб олинишини шахсан Абдуқодир Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов илтимос қилган. Ҳикмат Ҳошимов ҳам буни QALAMPIR.UZ’га ҳам тасдиқлади. Фозилов ўз танишларига пул тўлаб, Ҳусановни аэропортда умумий залдан, вип залга ўтказган ва аэропорт эшигигача машина киришини таъминлаб, Ҳусановни уйи томон олиб кетган.
Бу ЎФА шармандали ҳолат эмасми. Қандай қилиб Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун, Манчестердан Тошкентга келган футболчининг кутиб олиш ишларини бутунлигича оддий мухлисга ишониб топшириш мумкин. Фозиловнинг ЎФАдаги вазифаларига ўзи нималар киради?
Маълумки, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ўз уставларида футболчиларнинг терма жамоадаги фаолиятига оид тегишли бандларни киритиб қўйган.
FIFA’нинг миллий терма жамоаларга оид қоидалари футболчиларнинг йиғинлар ва расмий учрашувлар давомида қаерда ва кимлар билан бўлиши масалаларини тартибга солади. Ушбу қоидаларга кўра, футболчилар йиғинлар ва ўйинлар давомида терма жамоа мураббийлари ва маъмурияти томонидан белгиланган жойларда бўлишлари талаб этилади. Бу, одатда, меҳмонхоналар, машғулот майдонлари ва стадионларни ўз ичига олади. Футболчиларнинг йиғинлар давомида шахсий ташрифлар ёки жамоа фаолиятидан ташқари учрашувлар ўтказиши чекланган бўлиши мумкин, бу эса жамоа интизоми ва тайёргарлигини таъминлашга қаратилган.
Футболчиларнинг йиғинлар давомидаги фаолияти ва интизоми миллий футбол ассоциацияси томонидан белгиланган ички қоидалар ва FIFA’нинг умумий регламентлари асосида тартибга солинади. Бу қоидалар футболчиларнинг тайёргарлиги, соғлиғи ва жамоа натижаларига ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқилган.
FIFA’нинг миллий терма жамоа футболчилари учун белгиланган қоидаларига кўра, клублар ўз футболчиларини халқаро ўйинлар ва йиғинлар давомида терма жамоа ихтиёрига тақдим этишлари шарт. Бу даврда футболчиларнинг қаерда ва кимлар билан бўлиши терма жамоа раҳбариятининг назоратида бўлади. FIFA’нинг расмий низомларида бу масалалар батафсил ёритилган. “Regulations on the Status and Transfer of Players” номли низомда бу ҳақда батафсил келтирилган.
ЎФА юқорида келтирилган айрим бандларга, яъни футболчиларнинг эътибор беринг, бу даврда футболчиларнинг қаерда ва кимлар билан бўлиши терма жамоа раҳбариятининг назоратида бўлади, деган бандга амал қилмади.
ЎФА оддий футбол мухлисига, блогер, таъбир жоиз бўлса ўша блогер орқали бошқа блогерман деганлар, футболга ярим грамм ҳам алоқаси бўлмаганларга Абдуқодир Ҳусановни бемалол кутиб олиш, футболчилар турган меҳмонхонага кириб, уларни етарлича безовта қилиш ва контентлар олишга қаршилик кўрсатмади. Аксинча, шароит яратиб берди. Бу Равшан Эрматовни ҳам, ЎФАдаги бошқа жанобларни ҳам безовта қилмади.
Юқорида айтганимдек, Ҳусановдан ҳамма фойдаланди, реклама олди, унинг сочини текислаб қўйган сартарош ҳам, унаштирув маросимини суратга олган видеокомпания ҳам, бозори чаққон бўлиши учун кимдир унга соат совға қилди, кимдир “plystation”. Ҳатто янги автомобилига бензин қуйиб берганлар ҳам унинг отаси, укаси, машинаси билан видео олди. Ҳеч ким уларга ўчир, камерангни демади, ёқиб тушди.
Хўш, Ҳусановга агар улар текинга хизмат кўрсатган, текинга совға берган ёки текинга бензин қуйиб берган тақдирда ҳам, Абдуқодир буларни ўз пулига ололмайдиган шароитдами? Аксинча, ўша 1000 долларлик соатни текинга олганидан кўра, унинг рекламасида расман суратга тушиб бериши қимматроқ туради. Ёки бахтли кунини расм ва видеога олиб берганлар аслида унинг шахсий тадбирини ижтимоий тармоқ орқали эълон қилиб, шахсий дахлсизлиги бўйича қоидалар, мавжуд халқаро қонунларни бузаётган бўлиши мумкинлигини билармикан?
Тан олайлик, шу жойда ҳамма ўзини ўйлади, ҳеч ким бу вазиятда Ҳусановнинг шахсий имижи ҳақида бош қотиргани йўқ. Ҳатто, унга энг яқинлар ҳам. Гап сўзидан жуда тарбияли, андишали йигитга ўхшайдиган 21 ёшли Абдуқодир Ҳусанов ҳеч кимга рад жавобини бера олмаяпти. Ўзи умуман, Миллий терма жамоадаги футболчилар ҳам, бошқа спортчилар ҳам, хусусан Олимпиада ўйинлари иштирокчи ва ғолиблари ҳам атрофида изғиб юрган, қайси эшикни очса ўша ердан канадек визиллаб кириб келаётган айрим кимсаларга йўқ дея олмаяпти, уларни спорт оиласининг ўта ваколатли шахсларидан бири сифатида кўрмоқда.
Ҳусановнинг Ўзбекистонга келиши, кутиб олиниши ва унга бўлган ташқи таъсирга тўхталсак. Бу борада QALAMPIR.UZ доимий ҳамкори Telegram’даги Самвел Карленович саҳифаси билан баъзи жиҳатларга эътибор қаратди. Жумладан, тадбирлар блогерларнинг ўйинчига салбий таъсири ҳақида мисолларни тўплади.
Март ойидаги терма жамоа йиғинида Абдуқодир Ҳусановнинг Эронга қарши ўйиндаги паст кўрсаткичи мухлислар учун кутилмаган ҳолат бўлди. “Манчестер Сити” сафидаги футболчи майдонда ўзини намоён эта олмади. Бу ҳолатни яхшироқ англаш учун унинг бир ҳафталик фаолиятини замонавий спорт психологияси тадқиқотлари билан қиёс қиламиз.
Футболчини чарчатувчи ижтимоий юкламалар
Танаффуссиз ҳаёт
Smith & Green (2019): Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, футболчилар жамоат ишларига кўп вақт ажратса, бу уларнинг тикланиш, ухлаш ва даволаниш имкониятларини кескин камайтиради. Бу ҳолат жароҳат хавфини ва жисмоний пасайишни кучайтиради.
17-март – Ҳусанов Тошкентда:
- Ҳусановнинг кутиб олиниши ва блогерлар қуршови
- Mercedes-Benz G-Class калити ва блогер Абдураҳмон Фозиловнинг “чехол” совғаси
- Шахсий “Marry me” маросими – тўйдан аввалги романтик тадбир
Таъсири: Ушбу юклама фақат вақтни эмас, балки тикланиш имконини ҳам олиб қўйди. Ҳусанов терма жамоанинг биринчи кунги машғулотига қўшила олмади.
Руҳий чарчоқ ва диққатнинг пасайиши
Weinberg & Gould (2019): Мунтазам ижтимоий фаоллик, айниқса, “қалбаки қиёфа” сақлаш — яъни ҳаммага ёқиш учун доимий очиқ ва хушмуомала бўлиш — мия учун жуда чарчатувчи. Бу қарор қабул қилиш қобилиятини пасайтиради, руҳий ҳордиқнинг етишмаслигига олиб келади.
18-март:
- Терма жамоа йиғилишида спорт журналистикасига хос бўлмаган саволлар берилди.
- Тармоқларда танқид ва муҳокамалар кўпайди.
Абдураҳмон Фозиловнинг Instagram’dagi ролини унутманг: у Ҳусановни шахсий PR контенти учун таклиф қилди, селфилар, видеолар, “контент” олиш учун фойдаланди. Бу мияга доимий “йўқ демаслик” тартибини юклади.
Таъсири: Руҳий чарчоқ, эмоционал туйилиш ва диққат пасайиши. Ҳар бир майдондаги қарор бевосита мия фаоллиги билан боғлиқ.
Уйқунинг бузилиши
Kristiansen & Roberts (2010): тадбирлар, нурли муҳит ва стресс уйқу гормони (мелатонин) ишлаб чиқарилишини бузади. Бу мушак тикланиши, иммун тизими ва умумий спорт самарадорлигига тўғридан тўғри таъсир кўрсатади.
20-март – Қирғизистонга қарши ўйин:
- Жуда яхши ҳаракат қилди, аммо ўйиндан сўнг суратга тушиш, интервью, мухлислар билан мулоқотда жуда узоқ қолди.
- 21-март – Наврўз тантанаси:
- 90 дақиқа футбол, кам ухлашдан кейин, эрталаб “Янги Ўзбекистон” боғидаги оммавий тадбирга жалб қилинди.
Таъсири: Уйқунинг етишмаслиги ва мушаклар тикланишининг бузилиши, спортчига навбатдаги кунда куч қайтариш имконини бермайди.
Ўйинда самарасизлик
Johansson & Andersson (2020): Ижтимоий фаоллиги юқори бўлган футболчиларнинг майдондаги самарадорлиги пасайиши кузатилган. Футболчи жисмоний тайёргарликка эмас, ташқи кўринишга, фанатлар билан мулоқотга кўпроқ энергия сарфлайди. Бу қарорларни секинроқ қабул қилиш, хатолар ва куч етишмаслиги билан якунланади.
22-март:
- “Реал Мадрид” формасига дастхат беришдан бош тортди. Бу ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди – унга нисбатан яна босим юзага келди.
25-март – Эронга қарши ўйин:
- Термада энг паст рейтинг – чарчоқнинг натижаси.
Таъсири: Психологик чарчоқ, ортиқча юклама ва уйқусизлик – бунинг барчаси унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатди.
Нима қилиш керак?
- Футболчининг вақти ва ҳимояси ҳурмат қилиниши керак. Ташкилотчилар, блогерлар, мухлислар ҳар ким истаган пайтда унга яқинлаша олмаслиги лозим.
- ЎФА PR фаолиятини тартибга солиши керак. Футболчининг шахсий ҳаёти, машғулотлари ва ижтимоий тадбирлари бир-бири билан тўқнашмаслиги зарур.
- Имижмейкер ёки медиа-менежер керак. Ҳусановга ўхшаган юлдузлар ҳимояланган шахс бўлиши керак. Ҳар PR пост – спорт натижасига таъсир қилиши мумкин.
Футболчига “PR қурбони” сифатида қараш катта хатодир. Абдуқодир Ҳусановнинг бир ҳафталик воқеалари – ҳар бир кичик контент ортида қандай салбий оқибатлар бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Илмий тадқиқотлар шунга ишора қилмоқда: ортиқча ижтимоий юкламалар спортчига майдондаги натижага эришишда тўсиқ бўлади.
Баланс – муваффақиятнинг ягона кафолати.
ЎФА ва Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ ҳолат, блогерларнинг бемалол футболчиларга яқин бўлиб, уларга ортиқча руҳий юкламалар пайдо қилиши бўйича QALAMPIR.UZ мутахассис фикрига қизиқди.
Санъат Шарипов:
“ЎФАни вазифаларига тўхталсак, албатта, уларнинг вазифаси ўйинчининг хавфсизлигини таъминлаш. Лекин ЎФАда профессионаллар ишламайди-даа. Акс ҳолда, бунақа нарсаларга йўл қўймас эди. Чунки, уларнинг ўзиям Instagram юлдузига айланиб қолган. Афтидан, бу нарса уларнинг ўзига ёқади. Ўзини ҳурмат қиладиган ташкилот раҳбарлари бўлганида, фанатларнию-танишларни ҳатто майдон майсасига яқинлатмасди. Бу блогерлар, терма билан ҳатто битта автобусда, битта самолётда, битта меҳмонхонада юради. Ўзбекнинг андишаси бор, футболчилар ё қўрқади ёки уялади “ака, бизни тинч қўйинг”, дейишга. Бошқа бирор бир мамлакат терма жамоаси фанатларини ўйинчилар билан бу даражада яқин бўлиб юрганини учратмайсиз. Бабаян ҳам бу нарсаларга қаттиқ эътибор берарди. У ҳам термага ташқи омиллар халақит беришига йўл қўймас эди”.
Таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов эса ўйин шарҳида баҳс давомида ўйини чиқмаётган Абдуқодир Ҳусановнинг хатоларини имкон қадар кам гапиришга, футболчининг самарали ўйнай олмаслигига, албатта, ташқи таъсир катта эканлигига ишора қилди.
“Абдуқодир Ҳусановнинг Тошкентдаги “саргузаштлари” барибир унинг ўйинига таъсир қилди. Буни кўпчилик айтяпти, буни биргина одамга йўлламоқчимасман. Мен кеча бир нарсани эшитиб хурсанд бўлдим. Яъни тўғри хулосалар чиқарилган, деб ўйлайман. “Zo‘r TV” телеканалига ўйиндан олдин меҳмон таклиф қилиниши керак эди. Меҳмонга турли хил вариантларни келтиришди. Охири Муҳаммадали Ўринбоев келди ва у биринчи бўлимда Ҳасан Турдалиев билан ўйинни шарҳлади. Муҳаммадалидан олдин жуда кўпчиликка таклиф билдирилди. Таклифлар орасида Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов ҳам бор эди. Телеканал масъулларининг айтишича, Ҳикмат ака рози бўлмабди ва интервью беришни тўхтатибдилар. Мен хурсанд бўлдим. Биринчидан, бу отанинг тўғри хулоса чиқаргани. Чунки бўлди, воқеалар бўлиб ўтди. Балки бошқа нарсалар бўлади, деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Тошкентга келишидаги Ҳусановнинг автомобиль билан бўлган воқеаси негатив эффект бериб юборишидан тўғри хулоса чиқарди”, дейди Ҳамидов.
Абдуқодир Ҳусанов ҳозирги кунда турли вайнерлар ва блогерларнинг эътибор марказида турибди, керак бўлса улар билан оға-ини. Агар чойхонада бирга ош ошаламаётган бўлса, жуда яқин. У ҳақида турли контентлар тайёрланиб, масхараомуз видеолар ҳам олинмоқда. Бундай ҳолатларга дуч келганда футболчилар баъзи стратегияларни қўллашлари тавсия этилади.
- Расмий имижни назорат қилиш – Ҳар бир футболчи ижтимоий тармоқларда ўз фаолиятини профессионал даражада олиб бориши лозим.
- Танқидларга жавоб бермаслик – Миш-мишларга ёки блогерларнинг манипулятив хабарларига расмий жавоб бермаслик, фақат натижалар билан гапириш.
- PR мутахассислар билан ишлаш – Футболчилар ўз имижини ҳимоя қилиш учун профессионал PR мутахассисларни жалб қилишлари керак.
- Ижобий контент яратиш – Ўз саҳифаларида футболга оид мотивацион ва ижобий контент жойлаштириш.
- Ушбу стратегиялар орқали Абдуқодир Ҳусанов каби ёш футболчилар ўз обрўсини ҳимоя қилиши мумкин.
Дунёдаги машҳур футболчилар ҳам доимо журналистлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг босими остида бўлган. Уларнинг тажрибаси ўзбек футболчилари учун фойдали бўлиши мумкин:
- Лионель Месси – миш-мишларга эътибор қаратмаслик ва фақат натижалар орқали жавоб бериш тактикасидан фойдаланади.
- Криштиану Роналду – баъзан расмий баёнот бериб, аммо асосан ўз муваффақиятлари орқали манипуляцияларга барҳам беради.
- Килиан Мбаппе – ўз саҳифаларидан спорт ривожи ва жамият учун фойдали лойиҳалар ҳақида ёзиш учун фойдаланади.
- Неймар – асосан тижорат ва футбол фаолиятини тарғиб қилиб, ортиқча тортишувлардан қочади.
Ўзбек футболчилари ҳам ана шундай тажрибаларни ўрганиб, ўз брендини тўғри бошқаришни ўрганишлари лозим.
Агар ёш ўзбек футболчилари ушбу стратегияларга амал қилса, нафақат майдонда, балки оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз обрўсини сақлаб қолиши мумкин. Ва яна унутмаслик керак, уларнинг ўрни, ОАВда, ижтимоий тармоқларда ва рекламаларда эмас, майдонда. Майдон ўзидан улоқтирган спортчини эса на мухлис, на ОАВ, на ўша блогерлар тан олади.
Ҳусановнинг ўйини чиқмаганига тўлақонли айбдор сифатида блогерларни кўрсатиш бироз нотўғридир. Аммо сабаб ва сабабчилар доим бор. Ҳамманинг, айниқса, блогер ва мухлисларнинг Ҳусановга бемалол яқин бўла олишига тўсқинлик қила олмаган ЎФА, футболчининг агенти ва агар бўлса Ҳусановнинг имижмейкери бу таҳлилимизни албатта, кўриб чиқиши керак чоғи.
Ана шунақа гаплар. Ўсиб келаётган ёш футболчиларни ижтимоий тармоқдаги контенти учун қурбон қилиб юбораётган блогерлар, Ўзбекистондаги асосий футбол ташкилоти ҳисобланмиш ЎФА, бугун одамларнинг сизга бўлаётган адолатли эътирози, мутахассисларнинг профессионал танқидларидан тўғри хулоса чиқаришингизни истаймиз. Ҳусанов ва бошқалар кимнингдир яширин мўмай даромади ва масъулларнинг шунчаки бефарқлиги қурбони бўлмасин.
LiveБарчаси