Гвинеяда Эбола эпидемияси бошлангани эълон қилинди
Олам
−
14 Февраль 2021
7820Гвинея ҳукумати бугун, 14 февраль куни мамлакатда Эбола безгаги эпидемияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий “guinee114” ахборот портали хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, касаллик Гвинеянинг Нзерекоре префектураси ва Гуеке шаҳрида бошланган. Шу сабабли эпидемияга қарши бир қатор чоралар киритишга, жумладан, Эболага чалинганлар билан алоқада бўлганларни аниқлаб, уларни яккалашга қарор қилинган.
Қайд этилишича, бундай чоралар Эбола безгаги белгилари билан вафот этган 4 кишининг қон таҳлили натижалари олингандан кейин қабул қилинган. Натижалар вафот этганларнинг 3 нафарида вирус борлигини тасдиқлаган.
14 февралда ЖССТ Гвинеяга касалликка қарши курашда ёрдам бериш учун барча захираларни тезкорлик билан сафарбар қилишини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, Гвинея 2014-2016 йилларда Ғарбий Африкада Эбола вируси тарқалиши ўчоқларидан бирига айланганди. Ўшанда бу ҳудудда 28 мингдан кўпроқ киши касалликка чалинган, 11,3 минг киши ундан вафот этган. Энг оғир эпидемиологик вазият Гвинеяга қўшни Либерия ва Сьерра-Леонеда кузатилган.
Гвинеяда вируснинг тарқалиши Африкада жорий ойда қайд қилинаётган иккинчи ҳолатдир. 1 февралда Конго Демократик Республикасининг Бутембо шаҳрида Эболага чалинган 4 киши аниқланганди. Улардан 2 нафари вафот этган.
LiveБарчаси