Гутерриш Афғонистонда тинчликка эришиш учун кучларни бирлаштиришга чақирди
Олам
−
17 Июль 2021
3210Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун жуда муҳимдир. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш кеча, 16 июль куни Тошкентда очилган минтақавий алоқалар бўйича конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида айтиб ўтди.
Бош котиб, сўзи аввалида форумни ўтказиш ташаббуси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
"Алоқалар савдо-сотиқ, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишда муҳим роль ўйнайди. Улар нафақат иқтисодга хизмат қилади. Алоқалар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва яқин ва узоқ қўшнилар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиради”, дейди БМТ раҳбари.
“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ҳамжа дунёнинг 50 га яқин мамлакатларидан, шу жумладан Россия ва АҚШдан 600 га яқин вакиллар иштирок этган.
БМТ Бош котибнинг сўзларига кўра, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ – бу минтақа давлатлари, хусусан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг ягона йўли.
Тугаб бораётган ҳафтада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Афғонистондаги вазият ёмонлашиши ва яқинлашиб келаётган гуманитар инқироз ҳақида огоҳлантирди. Биргина 2021 йил январидан буён тахминан 270 минг афғон ўз уйларини ташлаб кетган. Бугунги кунга келиб мамлакатдаги ички қочқинларнинг умумий сони 3,5 миллиондан ошган.
Аввалроқ, БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси махсус вакили ва раҳбари Дебора Лион Хавфсизлик Кенгашига ушбу мамлакатдан халқаро ҳарбий контингентнинг чиқиб кетиши ҳақидаги эълон афғон жамиятида "сейсмик зарбалар" келтириб чиқаргани ҳақида хабар берган эди.
"Қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилганди, аммо бу жараённинг тезлиги ёқимсиз кутилмаган ҳодисалар келтириб чиқарди", деб таъкидлайди Махсус вакил.
Чет эл қўшинлари тўлиқ чиқарилгандан сўнг, “Толибон” катта эҳтимол билан Афғонистон вилоятлари пойтахтларини эгаллаб олишга ҳаракат қилади, дейди у.
Бош котиб Гутерриш Тошкентда ўтган конференцияда қилган видеомурожаатида бутун халқаро ҳамжамиятни минтақада тинчликка эришиш учун кучларни бирлаштиришга чақирди.
“Келинглар, тинчлик қанчалик қадрли эканини баҳолаш учун биргаликда ҳаракат қилайлик. Минтақадаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболининг ўзи Афғонистондаги вазиятнинг янада ёмонлашиши хавфини мувозанатлаштириши мумкин”, деган Антониу Гутерриш.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси