Эронга ядровий қурол ташлаш муҳокама марказида
Таҳлил
−
21 Июнь 7382 5 дақиқа
АҚШ Президенти Эрон ядровий қуролга эга бўлишга ҳаракат қилмаётгани ҳақидаги барча хулосаларни рад қилмоқда. Дастлаб МАГАТЭ Исроилнинг Эронга ҳужуми бошланган пайтда Теҳрон бу дастурни жадаллаштирмагани ҳақида маълум қилди. АҚШ миллий разведка директори Тулси Габбард ҳам худди шундай тўхтамга келди. Аммо Трамп уларнинг барчасини рад қилмоқда. АҚШ Президенти аввалроқ Габбарднинг бу гапига жавобан содда қилиб “у адашяпти” деб қўя қолди. Урушда эса ҳал қилувчи деб айтилган 48 соатлик муддат аллақачон тугади. Аммо аввалроқ “Bloomberg” томонидан тахмин қилинган 22 июнь санасига ҳали бир кун бор.
Ҳозирда барчанинг эътибори Эроннинг Фордода жойлашган чуқур ерости уранни бойитиш заводига қаратилган. Умуман олганда, урушдаги энг асосий воқеликлар энди шу завод олдида айланмоқда. “Fox News” нашри Оқ уйдаги манбага таяниб, АҚШ Эроннинг Фордодаги уранни бойитиш бўйича мустаҳкам ядро объектига қарши тактик ядро қуролидан фойдаланишни истисно қилмагани ҳақида хабар берди. Манбанинг билдиришича, АҚШ ҳарбийлари бункерни ёриб кирувчи бомбаларнинг самарадорлигига шубҳа қилмайди ва улар ёрдамида Эроннинг ядро заводини йўқ қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Бундан олдин “The Guardian” нашри Фордодаги мазкур объектни фақат тактик ядро зарбаси билан йўқ қилиш мумкин, дея хабар берганди. “Axios” нашри ҳам Трамп 13,6 тонна оғирликдаги GBU-57 русумли бункерни ёрувчи бомба 90 метр чуқурликда жойлашган ерости заводини ишончли тарзда вайрон қила олишига шубҳа билан қараётганини ёзди.
Шунингдек, Бирлашган Қироллик ҳарбий хизматлар институти ҳам бу борада ҳисобот эълон қилиб, Исроил Эрон ҳарбий объектларига, жумладан, бир нечта ядровий объектларига зарба бериб, ушбу мамлакатнинг ядровий дастурини йўқ қилишга уринаётганини, лекин бу унчалик ҳам осон бўлмаслигини маълум қилган эди. Фордо заводи чуқурроқ жойлашган деб ҳисобланади. Унинг қанчалик чуқурдалиги аниқ эмас, бироқ баҳолашларга кўра, Фордодаги иншоотлар 80 дан 90 метргача чуқурликда жойлашган. Ҳисоботга кўра эса, АҚШнинг энг катта бомбаси, яъни мазкур заводни йўқ қилади, дея ишонилаётган GBU-57 атиги 60 метр чуқурликкача етади ва Фордодаги нишонга етиб бора олмайди. Шу билан бирга, АҚШ Мудофаа департаментига қарашли Ҳарбий хавфларни камайтириш агентлиги Фордодаги ядро объектини йўқ қилиш учун аввал ер қатламини оддий бомбалар билан юмшатиш, кейин эса у ерга бомбардимончи самолётдан ядро бомбасини ташлаш кераклигини таъкидлаган.
Трамп иккиланмоқда
19 июнь куни Оқ уй матбуот котиби Керолайн Левитт Президент Дональд Трамп кейинги икки ҳафта ичида Эронга зарба бериш ёки бермаслик ҳақида қарор чиқаришини маълум қилди. Трамп бир неча соатларда йўлланиши мумкин дея тахмин қилинган эҳтимолий зарба ва урушга аралашувни шу тарзда чўзди. У айни дамда жуда мураккаб дилемма қаршисида қолгани айтилмоқда. Эронга зарба бериш Трамп амбицияларига тўғри келмаслиги, аммо у исроилпараст кучлар қуршовида бу қарорни қабул қилишга мажбурланаётган бўлиши мумкин. Чунки Дональд Трамп Жорж Буш томонидан қилинган хатони такрорлашга мажбурланаётгани айтилмоқда. Аслида эса 2016 йилда сиёсий фаолиятини бошлагандан буён Ироққа бостириб кириш, Ливиядаги ҳокимиятни ағдариш каби қинғирликлар АҚШнинг энг катта хатолари бўлганини тинмай таъкидлаб келадиган Трамп айни дамда Эрон масаласида қарор қабул қилишда яҳудий лоббисининг жуда оғир босими остида экани ҳақида хабарлар етарлича.
ОАВда чиқаётган шундай хабарларга назар ташланса, мазкур мажбурловнинг ортида республикачи сенатор Линдси Грем тургани ва айнан у Эронга зарба беришнинг энг асосий ташаббускори дейиш мумкин. Иқтисодий ривожланиш ва инвестиция оқимини кенгайтириш йўлидан кетишни афзал кўрувчи АҚШ Президенти кўп эҳтимол Эронга ҳужум қилишдан манфаатдор эмас. Чунки Эроннинг қасос стратегиясидаги бир нечта вариант аллақачон аниқ. Шулардан бири Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига зарба бериш. 1400 км дан 2000 км гача етиб бориши ва “Темир гумбаз”ни ёриб ўтган Амед, “Сижжил” ва Фаттоҳ ракеталари АҚШ базалари жойлашган Саудия, Қатар ва БААга зарба бера олади. Бу чинакам урушнинг бошланиши, балки 3-жаҳон урушининг тизери ҳамдир. Трамп учун бу сценарийдаги нохуш ҳақиқат шундаки, у Саудия, БАА ва Қатардан бир ярим ой олдин салкам 3.5 триллион долларлик инвестицион битимлар билан қайтганди. Яқин Шарқдаги ҳар қандай эскалация бу битимларни бир парча қоғозга айлантириши мумкин.
Бундан ташқари, айни пайтда Ироқ, Ливия ва Суриядаги воқеалар АҚШ учун унчалик ҳам ёқимли бўлмагани эслатилмоқда. Ироқ ва Сурияда фалажланган ҳокимият ортидан қолган вакуумни террорчилар эгаллади ва кейинчалик барчага узоқ вақт бош оғриқ бўлди. АҚШ Ал Қоида билан тўқнашувда 1.4 триллион доллар сарфлади ва Саддамнинг ағдарилиши Вашингтонга жуда қимматга тушди. Ироққа қилинган ҳарбий интервенцияда, Суриядаги фуқаролик уруши бошланганида, уларнинг ҳар биридаги аҳоли 25-30 миллион атрофида бўлган. Бугун эса Эрон аҳолисининг умумий сони 90 миллиондан ошади. Шундай экан, бу ерда ҳокимият ағдарилиши, тартибсизлик ва бошбошдоқликлар, эски режимдан қолган бўшлиқни тўлдириш жуда аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Гап тарихан асов табиат ва қизиққон бўлган форслар ҳақида кетганда эса масала янада жиддийлашади. Яқин Шарқ нафақат АҚШ, балки бутун дунёнинг чинакам муаммосига айланиши мумкин.
Live
Барчаси