Гулнора ва Лола Каримованинг қизлари бобоси қабрини зиёрат қилди
Жамият
−
16 Январь 2022
26556Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набиралари Имон (Гулнора Каримованинг қизи) ва Марям (Лола Каримова-Тилляеванинг қизи) бобосининг қабрини зиёрат қилиш учун Самарқандга борди. Бу ҳақда улар Instagram’даги саҳифаларида ёзиб қолдирган.
“Самарқанд мен учун алоҳида шаҳар. У тарих, маданият, санъат, анаъаналарга бой. Ўзим учун узоқ ва машаққатли вақтлардан сўнг Самарқандга илк бор келганимда шу заҳотиёқ бу ернинг ўзига хос муҳитига ошиқ бўлдим.
Бобом менга бу гўзал шаҳар, ўзи улғайган гўзал ерлар ҳақида, ҳар куни Регистондан ўтиб мактабга қандай боргани ҳақида гапириб берарди. У тарихга жуда қизиқарди ва мен у каби тафсилотларига хотирлаб қоладиган одамни ҳеч қачон учратмаганман. У биларди ва билим алмашишни яхши кўрарди, энг муҳими, уни тинглаш ҳар доим қизиқарли эди.
Ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда бу ерга қайтаман. Бу ерда ўзимни хавфсиз ва илиқ ҳис қиламан. Самарқанд кўчалари бўйлаб сайр қилсам, унинг кичкиналиги қандай бўлганини доимо тасаввур қиламан ва унинг барча ҳикояларини эслайман”, деган Имон Каримова.
Лола Тилляеванинг қизи Марям эса ҳаяжонда эканини яширмаган ҳолда, ўз ҳиссиётлари билан қандай ўртоқлашишга ҳам қийналаётганини айтиб ўтган.
“Кўпдан бери Самарқандга келишни, бобомни кўришни орзу қилардим. У энг ғамхўр бобо эди ва мен уни ҳозир жуда соғиндим. Мен учун бу саёҳат катта аҳамиятга эга, чунки бир-икки ҳафтадан кейин бобомнинг туғилган куни бўлиши керак эди. Илк бор уни зиёрат қилиш ва Имон билан бирга гул қўйиш имконига эга бўлганимдан миннатдорман. Мақбарада унинг қуввати ва борлиги жуда кучли сезилади.
Мақбаранинг ўзи UNESCO мероси рўйхатига киритилган қадимий Ҳазрати Хизр масжиди мажмуасида жойлашган. Масжид ҳақида биринчи эслатма арабларнинг Сўғдни босиб олиш даврига (VIII аср бошлари) тегишли.
Кириш қисмидаги мармар плитага “Бу муқаддас даргоҳ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг азиз ва суюкли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мангу масканидир” деб ёзилган”, дея ўз фикрлари билан ўртоқлашган Марям Тилляева.
Аввалроқ, Ислом Каримовнинг икки қиз набираси 8 йил деганда илк бор учрашгани ҳақида хабар берган эдик.
Хабарингиз бор, 2013 йилда Гулнора Каримова ва унга алоқадор ширкатлар билан боғлиқ муаммолар бошлангандан сўнг Гулнора Каримова ва унинг қизи ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, Президент Каримовнинг дафн маросими ҳам уларсиз ўтди. Халқаро даражадаги қабул маросимида оила номидан Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова иштирок этди.
Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ўлимидан бир йил ўтиб, Имон Каримова ҳам оила аъзоси сифатида 31 август куни Оқсарой мажмуасида ўтказилган хотира маросимида холаси Лола Каримова-Тилляева билан иштирок этди. Унинг акаси Ислом Каримов эса онаси ҳибслангандан кейин Тошкентда кўриниш бермаган.
2018 йилнинг октябрь ойига келиб, Имон Каримова ижтимоий тармоқлар орқали “Холангиз билан алоқангиз борми?”, дея йўлланган саволга, қўл силтаб жавоб бериб, муносабатлари узилганини ошкор қилган эди.
2016 йилда Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов BBC’га интервью бериб, онаси ва холасининг муносабатлари ҳали анча йиллар аввал бузилганини айтиб, бунда бобосини айблаганди.
“Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки... Мен бунда кўпроқ бобомни айблайман. Чунки ойим математика мактабини олтин медаль билан битирган. Бобомнинг изидан борган. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин, нега? Ўйлайманки, сабаби – бобом бутун умр холамга гапирган “Нега опангга ўхшолмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега “У” бўлолмайсан?”
Мен ўз қизларингга бундай муносабат қилиш нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин, факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун, унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти”, деган эди кичик Ислом Каримов.
Гулнора Каримова ҳибслангач, унинг ўғли ва қизи Лондонга кўчиб ўтди. Бу орада Имон бир неча бор Ўзбекистонга келди. 2020 йилда бувиси Татьяна Каримова билан ҳам учрашиб, бобосининг Оқсарой қароргоҳидаги кабинетида бўлди. Ислом эса Ўзбекистонга қадам босмади ва Лондонда уйланди. Куни кеча у фарзандли бўлганини эълон қилди. 50 ёшни қаршилаш арафасида турган Гулнора Каримова эса ҳамон қамоқда қолмоқда.
2016 йилдан кейин Лола Каримова турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтди. У АҚШдан туриб “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ва Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган.
Лола Каримованинг қизи Марям Тилляева ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаш жамоатчилик оғзига тушган. У россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиқди. Айни вақтда Москвага кўчиб ўтган. Бундан бир неча ой аввал ижтимоий тармоқларда унинг ноқабул кўринишдаги сурати пайдо бўлди. Буни жамоатчилик фаоллари бобосининг хотирасига ҳурматсизлик сифатида баҳолади. Лола Каримова эса қизининг хатти-ҳаракатларини Ислом Каримовнинг президентлик фаолияти ва ғоялари билан боғламасликни сўради.
Набира куёв Амиран Сардаровнинг маълум қилишича, айни вақтда қайнота-қайнонаси улар билан алоқани узган. Улар Марямнинг куёв борасидаги танловига бош-бошидан қарши чиққан.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь