Гулнора Каримовага оид яна бир муҳим маълумот аниқланди

Бу қизиқ 95106
image

Жорий йилнинг 19 июнь куни ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Феруза Юлдашевна Маҳмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарорни маъқулланганлари ҳақида хабар берган эдик.

Мажлисда Ўзбекистон тарихида илк бор аёл киши Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатдаги элчиси лавозимига тайинлангани айтилган эди.  

“Феруза Юлдашевна мустақил Ўзбекистоннинг биринчи аёл элчиси сифатида тарихда қолади. Бу шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Қолаверса, унинг бундай масъулиятли лавозимга лойиқ топилгани мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак ишонч ва эътироф намунасидир. Ишонамизки, бундай эътибор ва эътирофга бундан кейин ҳам кўп маротаба гувоҳ бўламиз. Зеро, ўзбек аёллари бунга муносибдир”, деган эди юқори палата раиси Танзила Норбоева. 

Аслида-чи?

Аслида эса Феруза Маҳмудова мустақил Ўзбекистон тарихида хорижий мамлакат элчилигига тайинланган биринчи аёл эмас. Бу мақом Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд форум васийлик кенгаши раиси ва бир вақтнинг ўзида жиноий гуруҳ раҳбари бўлган Гулнора Каримовага оидлиги айтилади. 

Википедия маълумотларига кўра, 2010 йилнинг январидан 2012 йилнинг июлигача Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги эса унинг элчилик фаолияти 2010 йилдан 2011 йилгача давом этганини қайд этади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ё Гулнора Каримованинг мамлакатнинг биринчи аёл элчиси бўлганини унутган, ё бу ҳақда маълумотга эга эмас. 

Дарвоқе, бошқа тарафдан қарасак, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова ҳам элчиликка тайинланганди. Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистон ЮНЕСКОдаги доимий вакили лавозимида 2008 йилдан 2017 йилнинг февралигача фаолият юритди. Кейин ўз хоҳиши билан ушбу лавозимни тарк этди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4063
Рейтинг: 3
t
×