Гулбаҳор Йўлдошева – ўзбек Медеяси
Маданият-санъат
−
12 Июнь 2019
29228Аввалроқ, таниқли драма актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. 61 ёшни қаршилаш арафасида турган Йўлдошева оғир хасталик сабаб оламдан кўз юмди.
Гулбҳор Йўлдошева машаққатли ҳаёт кечирган, кучли сабр ва ирода эгаси бўлган, жиддий, ўзига ва бошқаларга талабчан, масъулиятли, синовларда тобланган аёл эди. У санъатни пулга чақмаган, ҳақиқий ижоднинг завқини туйган саноқли санъаткорлар қаторидан ўрин олди.
1958 йилнинг 25 августида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган актриса, 1979 йилда Тошкент давлат театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлайди.
У 1979-1987 йилларда ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида, 1998 йилдан умрининг охирига қадар Ўзбек давлат драма театрида фаолият юритди. Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби, таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан оила қурди.
Гулбаҳор Йўлдошева театр саҳнасида, кинолар ва телесериалларда бир қатор эсдақоларли ролларни ижро этди. У “Кечиккан ҳаёт”, “Ҳақиқат куни”, “Афғон”, “Ўгай она”, “Кутилмаган қўнғироқ”, “Турист” ва “Кўргим келади”, “Ўгай она” фильмларидаги роллари билан томошабинларга яхши таниш.
Актриса “Туташ тақдирлар” сериали орқали томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.
Унинг “Медея” спектаклидаги ижроси нафақат ўзбекистонлик томошабин ва мутахассислар, балки хорижлик экспертлар томонидан ҳам олқишлар билан кутиб олинган.
Актриса сўнгги йиллардаги фаолиятини турмуш ўртоғи Баҳодир Йўлдошев томонидан тузилган “Дийдор” театр студиясида ҳам олиб борди. Мазкур театр студияси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ижодига бағишлаб тайёрланган асарда Гулбаҳор Йўлдошева шоира Зулфия образини гавдалантирди.
Актриса бугун, 12 июнь куни Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳридаги қабристонга дафн этилди. У ижро этган роллари билан мухлислари қалбида сақланиб қолади.
LiveБарчаси