Грузиянинг хориждаги элчилари норозилик билдириб, истеъфо берди

Олам

image

Грузиянинг беш давлатдаги элчилари расмийлар Европа интеграцияси бўйича муҳокамаларни кейинга қолдиришга қарор қилганидан сўнг истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Civil Georgia” хабар берди.

Истеъфога чиққан дипломатлар – Болгариядаги элчи Отар Берзенишвили, Италиядаги элчи вазифасини бажарувчи Иракли Векуа, Нидерландиядаги элчи Давид Соломониа, АҚШдаги элчи Давид Залкалиани ва Литвадаги элчи Саломе Шапакидзе норозилик сифатида ўз лавозимларини тарк этган.

Нашр маълумотларига кўра, 230 дан ортиқ грузиялик дипломат ва Грузия Ташқи ишлар вазирлигининг бошқа ходимлари расмий қарорни қоралаган очиқ баёнотни имзолаган.

Грузия давлат хизматчиларининг баёноти кеча, 1 декабрь куни имзоланган.

“Биз, Грузия фуқаролик сектори ходимлари, ҳар қандай сиёсий гуруҳга эмас, балки Грузиянинг миллий манфаатларига садоқат ва виждонан хизмат қилдик ва хизмат қилишда давом этамиз. Бу эса давлатимизнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, Европа ва Евроатлантика интилишларини ҳимоя қилишни англатади”, дейилади баёнотда.

Унда давлат хизматчилари бугунги геосиёсий муаммолардан келиб чиққан ҳолда, Грузия учун Ғарб билан интеграциялашуви ва бу жараён тақдим этаётган барча механизмлардан тўлиқ фойдаланиш жуда муҳим, деб ҳисоблаган.

Давлат амалдорлари Грузия фуқароларининг тинч намойишини номутаносиб равишда бостиришни кескин қоралаган. Баёнот имзолаш учун очиқ ва Грузия давлат секторида ишлайдиган ҳар қандай шахс томонидан имзоланиши мумкин.

Жорий йилнинг 30 ноябрга ўтар кечаси Тбилиси, Батуми, Кутаиси, Поти, Телави ва бошқа шаҳарларда намойишлар қайта бошланди. Давлат хавфсизлик хизмати бу ҳаракатларни ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш деб атади. Улар, шунингдек, конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш мақсадида исён моддаси бўйича тергов ўтказилаётгани ҳақида хабар берди.

Мамлакат Президенти Саломе Зурабишвили парламентни ноқонуний деб билишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Зурабишвили қонуний сайланган парламент бўлгунга қадар ўз лавозимида қолиш ниятида. У ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг Европа Иттифоқига аъзо бўлишни кейинга қолдириш қарорини конституциявий тўнтариш деб атаган.

28 ноябрдан бери Грузияда “Грузия орзуси”нинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни камида 2028 йил охиригача тўхтатиш ҳақидаги қарори муносабати билан норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Полиция одамларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатмоқда. Камида 20 журналист ва 42 полициячи жароҳат олгани маълум. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги жароҳатланган намойишчилар сонини ошкор қилмади. Икки кун давом этган норозилик намойишларида 150 га яқин одам ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Давлат хавфсизлик хизмати Тбилисида парламент биноси ёнида ҳукуматга қарши намойишлар Грузияда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш бўлаётганидан далолат бераётгани ҳақида баёнот берганди. ДХХга кўра, муайян сиёсий партиялар ва ноҳукумат ташкилотлар Грузияда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишдан манфаатдор. Грузия разведка хизмати Жиноят кодексининг “Грузия конституциявий тузумини мажбуран ўзгартириш мақсадида фитна ёки исён” моддаси бўйича тергов олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Грузия Литва Италия Болгария Нидерландия Отар Берзенишвили Иракли Векуа Давид Соломониа Давид Залкалиани Саломе Шапакидзе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг