Грузияда иккита зилзила содир бўлди
Олам
−
12 Февраль 2023 20852 2 дақиқа
Бугун, 12 февраль куни Грузияда 4,4 ва 3,3 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат Миллий сейсмик мониторинг маркази хабар берди.
Марказ маълумотларига кўра, ер силкинишлари Тбилиси вақти билан соат 12:07 да қайд этилган. Зилзила эпимаркази Озургети шаҳри яқинидаги Гоми қишлоғи бўлган.
Биринчи зилзила магнитудаси 4,4 баллни ташкил қилган.
Иккинчи зилзила Тбилиси вақти билан соат 12:21 да 3,3 магнитуда бўлиб, Бахмаро тоғли курорт қишлоғидан беш километр узоқликда содир бўлган.
Эҳтимолий вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида (маҳаллий вақт билан 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.
Шундан сўнг, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга туширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Туркияда содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан дастлаб 100 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳи, жорий йилнинг 9 февраль куни 71 кишилик иккинчи гуруҳ Туркияга юборилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон жорий йининг 6 февраль куни кучли зилзиладан азият чеккан Туркияга инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди.
Live
Барчаси