Грузия Президенти аҳоли билан намойишда қатнашди
Олам
−
21 Октябрь
5048Тбилиси марказидаги Озодлик майдонида аҳоли томонидан “Грузия Европа Иттифоқини танлайди” номи остида бўлиб ўтган намойишда Грузия Президенти ҳам иштирок этди. Бу ҳақда “Грузия Online” нашри хабар берди.
Кеча, 20 октябрь куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар орасида Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳам қатнашган.
Грузиядаги бир қанча нашрларнинг хабарларига кўра, Тбилисининг марказий майдонига минглаб қатнашчилар келган бўлиб, улар Грузия, Европа Иттифоқи, мухолифат партиялари ва бирлашмалари байроқлари билан иштирок этган.
Саломе Зурабишвили парламент сайловларида фуқаролар мамлакатнинг Европа келажаги учун овоз беришига ишонч билдирган.
Маълумот учун, 26 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сайловда 27 та партия рўйхатга олинган. Улар орасида ҳозирда ҳукмронлик қилаётган “Грузия орзуси” партияси ҳам бор. Парламентга кириш учун партиялар камида 5 фоиз овоз олиши керак. “Грузия орзуси”нинг асосий рақобатчиси Михаил Саакашвилининг “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси саналади.
17 октябрь куни Европа кенгаши Грузия ҳукуматини Европа қадриятлари ва тамойилларига зид ҳаракатлар қилишда айблади, шунингдек, мамлакатнинг блокка интеграциялашувини тўхтатди. Бундай қарорга Грузияда хорижий агентлар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва ЛГБТ тарғиботининг тақиқланиши сабаб бўлган. Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Европа кенгаши қарорини қоралаб, уни нохолис деб атади.
Эслатиб ўтамиз, Европа Кенгаши Грузия ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари Европа қадриятлари ва тамойилларига зид ва шунинг учун мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёни ҳақиқатда тўхтаб қолганини айтганди. Шунингдек, Европа Кенгаши Грузияни “Европа интеграциясининг асосий тамойилларига мувофиқ демократик, кенг қамровли ва барқарор ислоҳотларни” қабул қилишга чақирган. Грузия парламенти май ойида хорижий агентлар ҳақидаги қонунни тасдиқлаганидан сўнг Грузиянинг Ғарб давлатлари билан муносабатлари ёмонлашган. Ҳужжат мамлакатдаги оммавий норозиликларга қарамай, парламент аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили Конституциявий суд орқали қонунни тўхтатишга уринди, бироқ суд буни рад этган. Қолаверса, Европа Иттифоқи Грузия билан визасиз режимни тўхтатиш масаласини кўриб чиқаётганлиги ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ эса, Европа Иттифоқи Грузия раҳбарияти билан дўстона муносабатда бўлмагани учун юқори даражадаги учрашувларни тўхтатган. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Грузиядаги элчиси Павел Герчинский маълум қилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь