Грузия парламенти олдида Россия билан авиарейслар тикланишига қарши митинг бўлди

Олам

image

Кеча, 19 май куни кечқурун Россия ва Грузия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланишига қарши бўлганлар Тбилисидаги парламент биноси олдига йиғилди. Акцияда мингга яқин одам қатнашди ва Россияга тўғридан-тўғри рейсларни зудлик билан тақиқлашни талаб қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Намойишчиларга кўра, Россия ва Грузия ўртасидаги авиақатновларнинг тикланиши мамлакатни жиддий хавф остига қўяди, чунки мамлакат Европа Иттифоқига номзод мақомсиз қолиши мумкин. Улардан баъзилари журналистларга Грузия Ғарб санкциялари остида қолиши мумкинлигидан қўрқишларини ҳам билдирган. Бир неча соатдан кейин намойишчилар тарқала бошлаган.

Айтилишича, кеча, 19 май куни Азимут авиакомпаниясининг самолёти Тбилиси аэропортига қўнган ва 2019 йилдан бери биринчи марта Москвадан тўғридан-тўғри рейсни амалга оширган. Самолёт қўнишдан олдин полиция Тбилисидаги Шота Руставели аэропортини ўраб олган ва кутиш залини ёпган.

Россия билан рейсларнинг қайта тикланишига қарши чиққан Грузия мухолифати тарафдорлари аэропортда норозилик намойиши ўтказган. Унинг иштирокчилари инглиз ва рус тилларида – “You are not welcome here”,  "Русский самолет, иди на х...", "Нет авиарейсам оккупанта в Грузию" деган чақириқлар ёзилган плакатларни ушлаб турган. Самолёт қўнганидан сўнг намойишчилар полиция кордонини ёриб ўтишга ҳаракат қилган, бироқ полиция бу уринишларни тўхтатган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Владимир Путин яна бир фармони билан 2019 йилдан бери амалда бўлган Россия авиакомпанияларининг парвозларига ва Грузияга тур пакетлар сотишга белгиланган тақиқни бекор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Грузия авиарейс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг