Грузияда парламент сайлови овозлари қайта ҳисобланади
Олам
−
29 Октябрь
2065Оммавий норозилик ортидан Грузия Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари бўйича маълумотларини қайта текшириш мақсадида ҳар бир сайлов округида бешта сайлов участкасининг бюллетенларини қайта санаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, округ комиссиялари қуръа ташлаш орқали қайта саноқдан ўтказиладиган участкаларни аниқлаган. Ҳудудларда қайта санаш бугун, 29 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 да, Тбилисида эса соат 17:00 да бошланади.
Маълумотларга кўра, 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 53 фоиз овоз тўплаган, бу эса партияга ҳукуматни яккахон шакллантириш имконини беради. Ғарбпараст мухолифат иттифоқи эса 37,58 фоиз овоз олган. 5 фоизлик чегарадан ўтган мухолиф сиёсий кучлар янги парламентда ишлашдан бош тортди ва ички музокаралардан сўнг норозилик намойишларини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия пойтахти Тбилисидаги парламент биноси олдида сайлов натижаларига қарши митинг бошлангани хабар қилинган эди. Акция мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилининг чақириғи билан ташкил этилган. Намойишчилар қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, баннерлар кўтарган. Намойишчилар Руставели хиёбонида тўпланиб, у бўйлаб машиналар ҳаракатини тўсиб қўйган.
LiveБарчаси