Грузия 2030 йилда Абхазия ва Жанубий Осетияни қайтаришни режа қилмоқда

Олам

image

Грузия 2030 йилда Абхазия ва Жанубий Осетияни ўз таркибига қайтармоқчи ва Европа Иттифоқига аъзо бўлмоқчи. Бу ҳақда Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе баёнот берди.

"Биз грузияликларнинг орзуси – 2030 йилгача абхаз ва осетин биродарларимиз билан бирлашган ва кучли Грузияда яшаш. Бирлашган ва кучли Грузия 2030 йилда Европа оиласининг тўлақонли аъзосига айланиши керак", деб ёзди Кобахидзе Х'даги саҳифасида.

Бош вазир мамлакат ичида ва хорижда истиқомат қилаётган Грузия фуқароларини Мустақиллик куни билан табриклади.

Кобахидзе аввалроқ мамлакат 2030 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлишга бошқа номзод давлатларга қараганда кўпроқ тайёр бўлишини айтган эди. Шу билан бирга, Грузиядаги "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши билан боғлиқ охирги воқеалардан сўнг, Европа расмийлари мамлакат демократик йўлдан оғишса, Европа Иттифоқига интеграциялашув тўхтатилиши ҳақида гапира бошлади.

2023 йил август ойида Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Европа Иттифоқи 2030 йилгача Ғарбий Болқон томон кенгайишга тайёр бўлиши кераклигини айтганди. Сиёсатчи Европа Иттифоқининг навбатдаги кўп йиллик бюджети (2027 йилдан кейин) ҳамжамиятнинг кенгайишини ҳисобга олган ҳолда тузилиши кераклигини таъкидлади. 2023 йил декабрида Европа Иттифоқи Грузияга аъзолик номзоди мақомини берди ва Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни бошлаш учун тўққиз қадамни белгилаб берди.

Ўтган август ойида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Албания, Япония ва Мальта қўшма баёнотда Москвани Жанубий Осетия ва Абхазияни Тбилисига “қайтариб” беришга чақирган эди. Уларнинг таъкидлашича, 2008 йил августида Россиянинг Грузияга бостириб кириши Кремлнинг қўшни давлатларга нисбатан сиёсатида “кўпроқ тажовузкорлик тенденциясини кўрсатди”, бу ҳозир Украинада кузатилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Абхазия Жанубий Осетия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг