Ўзбекистонликларга “Green Card” бўйича виза бериш тўхтатилди
Олам
−
30 Декабрь 5344 2 дақиқа
Бугун, 30 декабрдан бошлаб АҚШ Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси (DV) дастури бўйича визалар беришни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
“Ҳозирдан эътиборан, АҚШ Давлат Департаменти турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси (DV) дастури бўйича барча визалар берилишини тўхтатиб қўйди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, DV дастури мурожаатчилари визага ариза топшириши ва суҳбатдан ўтиши мумкин, АҚШ Давлат Департаменти ўз навбатида суҳбат санасини белгилашда давом этади, бироқ DV визалари берилмайди.
“DV дастури бўйича белгиланган суҳбат саналари бошқа санага кўчирилмайди ёки бекор қилинмайди. АҚШ Давлат Департаменти мурожаатчиларни хабардор қилиб боришга интилади ҳамда қўшимча янгилик бўлиши биланоқ жамоатчиликка тақдим этади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Браун университети ва MIT’да содир этилган отишмалар фонида АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 18 декабрь куни “грин карта” лотерея дастурини тўхтатганди. Трамп топшириғига биноан, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) мазкур дастурни вақтинча тўхтатган. Қарор Браун университетида отишма содир этганликда гумонланган шахс ушбу дастур орқали мамлакатга келгани сабабли қабул қилинган.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужум оқибатида ўзбекистонлик 2007 йилда туғилган, биокимё ва нейробиология йўналишларида икки мутахассисликни биргаликда ўқиётган Мухаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси