Google Исроил билан тузилган шартномадан норози бўлган ходимларини ишдан бўшатди
Олам
−
18 Апрель
5421Кеча, 17 апрель куни Америка трансмиллий корпорацияси Google Исроил билан тузилган шартномадан норози бўлган 28 нафар ходимини ишдан бўшатди. Бу ҳақда “Тhе Washington Post” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Google’нинг “No Tech for Apartheid” деб номланган бўлими ходимлари 2021 йилдан бери илованинг Исроилга технология сотиш бўйича келишувига қарши мактублар ёзган ва норозилик билдириб келган. Айниқса, кескинлик Google Исроил ва Amazon томонидан ҳамкорликда яратилган “Nimbus” (таҳр. булутли инфратузилма бўлиб, давлат сектори ва ҳарбий маълумотларни булутга кўчиришга қаратилган кўп йиллик, улкан лойиҳа) дастури сабабли янада кучайган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 16 апрель куни Google’нинг Нью-Йорк ва Калифорниядаги офисларида намойиш ўтказилган ва ишчиларнинг тўққиз нафари ҳибсга олинган. Эртаси куни эса норозиликка алоқаси бўлган 28 нафар ходим ишдан бўшатилган.
Google’нинг муносабат билдиришича, 28 нафар ишчи мунтазам равишда бошқаларнинг ишлашига тўсқинлик қилиб келган.
“Биз ҳозиргача 28 ходимнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган индивидуал текширувни якунладик. Терговни давом эттирамиз ва керак бўлганда чора кўрамиз”, дейди Google вакили.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google компанияси Chrome браузеридан фойдаланадиган 136 миллиондан ортиқ АҚШ аҳолисининг шахсий маълумотларини ўз ичига олган миллиардлаб фойдаланувчи фаолияти қайдларини ўчиришга рози бўлганди.
Райҳона Улканбаева
LiveБарчаси