Гитлернинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги ҳужжатлар эълон қилинди

Олам 31482
image
-

Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати Учинчи рейх фюрери Адольф Гитлернинг шахсий учувчиси, қўмондон Ханс Баурнинг сўроққа тутилиши бўйича махфийлаштирилган архив материалларини эълон қилди.  

Баурга қарши тергов ишининг ҳужжатлари ва фотосуратлари илк бор эълон қилинган. 

Таъкидланишича, Берлин учун жанг арафасида “Смерш” ҳарбий контрразведка идораларига Гитлерни ва нацистлар Германиясининг бошқа раҳбарларини топиш ва ҳибсга олиш вазифаси қўйилган.

Ҳарбий контрразведка ходимлари 1-Беларусь фронтининг илғор бўлинмалари таркибида Рейхстаг ва Рейх девонига бостириб кирган. Бу яхши мустаҳкамланган бетон ер ости бункери бўлган. Адольф Гитлер ва пропаганда вазири Йозеф Геббельс урушнинг сўнгги ойларида у ерда яширинган. 

Қайд этилишича, 1945 йил 2 майда ушбу бункер қўлга олинган ва у ерда бўлган СС ходимлари “Смерш” ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Шундан сўнг улар “Учинчи рейх”нинг олий раҳбарлари бўлиши мумкин бўлган жойлар ҳақида маълумот тўплашни бошлаган. 

Нацист фюрернинг сўнгги кунларининг гувоҳлари орасида “Цитадель” сектори мудофаа бошлиғи Вильгельм Монке, Гитлернинг шахсий қўриқчилари бошлиғи Ханс Раттенхубер, катта камердинер Гейнц Линге, шахсий адъютант Отто Гюнсше бўлган. Улардан ташқари Гитлернинг шахсий учувчиси Ханс Баур ҳам бўлган. 

Гитлернинг ўлими ҳолатлари бўйича уларнинг такрорий сўроқлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати Марказий архиви, Россия Федерацияси Давлат архиви материалларида, шунингдек, алоҳида тергов ишларида сақланган. 

Гувоҳларга кўра, Адольф Гитлер ва бир кун олдин у билан турмуш қурган Ева Браун 1945 йил 30 апрелда ўз жонига қасд қилган. Эртаси куни – 1 майда уларнинг ортидан Йозеф ва Магда Геббельс “эргашган”. 

Маълумки, 1945 йил 13 майда Рейх канцлери боғида 79-ўқ корпусининг “Смерш” контрразведка бўлими ходимлари Гитлер ва Ева Брауннинг куйган жасадлари дафн этилган жойни топган. Уларнинг ҳақиқийлиги кўплаб суд-тиббий экспертизалар томонидан тасдиқланган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1847
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×