Ғирромлик қилингани айтилган сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати воқеалари юзасидан расмий баёнот берилди
Спорт
−
19 Июль 2021
17269Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатида юз берган ҳолатлар юзасидан расмий баёнот берди.
Унда айтилишича, қўмита ўз фаолияти давомида доимо Олимпизмнинг эзгу ғоялари ва спортдаги ҳалол рақобатни тарғиб қилиб келган. Барча миллий федерацияларни ҳамиша анти-допинг ва бошқа қоидаларга қатъий риоя этишга, халқаро мусобақаларни ўтказишда ўрнатилган тартибларга бўйсунишга ва уларни ҳурмат қилишга чақирган:
“Турли интернет нашрларида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг тақвим режасидан ўрин олган ва Халқаро сузиш федерацияси (FINA) шафелигида ўтказилган сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатида юз берган вазият катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу ҳолатга ўз позициясини қуйидагича билдириб ўтади:
Ўзбекистон сузиш федерациясининг хабар беришича, мусобақа якунланганидан кейин 2021 йилнинг 21 апрель санасида унда иштирок этган ҳиндистонлик спортчи Ликит Селвараш Према турнир давомида ноҳақликка йўл қўйилгани, маҳаллий спортчиларнинг вақтлари нотўғри кўрсатилгани ҳақидаги видеомурожаатини YouTube ижтимоий тармоғига жойлайди.
Қайд этиш жоиз, лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатларига Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти доимий ташриф буюриб турган, ўз навбатида, МОҚ Тезкор штаб вакили Мирсардор Алимов ҳам мусобақани мунтазам кузатиб борган”.
Шунингдек, муносабатда айтилишича, мусобақадан сўнг шу ернинг ўзида кичик йиғилиш ташкил этилиб, тайёргарлик жараёнини янада кучайтириш, машғулотлар сифатини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилган.
“Турнирлар якунлангач, Ўзбекистон сузиш федерацияси мусобақалар протоколини МОҚга тақдим қилган ва унда 5 нафар атлетимизнинг Токио-2020 нормативини бажаргани кўрсатиб ўтилган. Тақдим этилган протоколларда белгиланган қоидаларнинг бузилиши, шу жумладан, кейинчалик ҳиндистонлик сузувчи томонидан қайд этилган воқеа ҳақида маълум қилинмаган.
Бирор хорижий делегация, жумладан, Ҳиндистон жамоаси томонидан мазкур лицензион турнирлар бўйича шикоят ёки эътироз келиб тушмаган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон сузиш федерациясининг маълумотига кўра, FINA ушбу турнирларда қайд этилган натижаларни тан олмади. Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевнинг сўзларига кўра, FINA бу бўйича Тошкентга расмий хат жўнатмаган. Бироқ Ўзбекистон сузиш федерацияси бир неча бор FINA’га тақдим этилган маълумотларга аниқлик киритиш учун хабар йўллаган ва ҳатто бу масала бўйича Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилган.
Якунда эса халқаро ташкилот йўллаган “Universal Place” асосида фақатгина 2 нафар ҳамюртимиз Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критинина Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олишди”, дейилади расмий муносабатда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши расмий равишда ушбу ҳолат ҳеч қандай спорт тамойилларига мос келмаслигини ва Олимпизм қадриятларига мутлақо зид эканлигини маълум қилади. Ўз ўрнида, бошқа федерациялар ва спорт ташкилотларидан ҳам белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишни сўради.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон сузиш федерацияси Президиумидан қуйидагиларни:
1. Юқоридаги вазиятни кўриб чиқиш, ўрганиш ҳамда унга ҳуқуқий баҳо бериш учун Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва Ўзбекистон сузиш федерацияси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш;
2. Халқаро сузиш федерациясидан (FINA) лицензион мусобақада қайд этилган натижаларнинг нима сабабдан бекор қилингани ҳақидаги материалларни тақдим қилишини сўраш;
3. Федерация бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинча ўз лавозимидан четлатилишини талаб қилди.
Аввалроқ, расмийлар нотўғри маълумот олиниши натижасида Халқаро Сузиш Федерацияси ўзбекистонлик спортчиларга санкция қўллагани ва вазият юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини таъкидланган эди. Бироқ вазият ўзгармаган ва якунда барибир ўзбекистонлик сузувчилар йўлланмадан маҳрум бўлгани айтиб ўтилганди.
LiveБарчаси