Гершковични ҳибсга олишни шахсан Путин маъқуллаган
Олам
−
13 Апрель 2023
12901Россия Президенти Владимир Путин Американинг “The Wall Street Journal” газетаси мухбири Эван Гершковичнинг ҳибсга олинишини шахсан маъқуллаган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “Bloomberg” маълум қилди.
Манбага кўра, Гершковични ҳибсга олиш ташаббуси Россия махсус хизматларининг юқори мартабали амалдорларидан чиққан. Бироқ якуний қарор Президент томонидан қабул қилинган, чунки махсус хизматлар бевосита унга бўйсунади.
Қайд этилишича, бу қарор Кремлда АҚШ билан қарама-қаршиликни чуқурлаштиришни талаб қилаётган одамларнинг таъсири кучайиб бораётганидан далолат беради.
Ўз навбатида, Вашингтондаги Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази раҳбари Алина Полякова бўлиб ўтган воқеа нафақат АҚШ, балки бутун Ғарб учун “огоҳлантирувчи сигнал” бўлиши кераклигини айтган.
“Бу нафақат АҚШ, балки бутун Ғарб учун ҳам ҳақиқий сигнал бўлиши керак. Бу Путиннинг фикрича, барқарор ва ишончли муносабатларга қайтишнинг иложи йўқлигидан далолат беради. Руслар янада тажовузкор бўлиб бормоқда ва улар кўришдики, агар АҚШнинг юқори даражадаги фуқароларини гаровга олса, хоҳлаган нарсасига эришади”, дейди Полякова.
Айтилишича, Россия расмийлари Эван Гершковични бизнесмен Владислав Клюшинга алмаштиришга уриниши мумкин. Чунки Россия олдинроқ ҳам Клюшинни маҳбуслар алмашинувига қўшишни талаб қилган. Клюшин АҚШда бир компаниянинг компьютер тармоқларига бузиб кириш ва ўн миллионлаб долларлик савдолар ҳақида маълумот тўплашда айбланган.
Эслатиб ўтамиз, “The Wall Street Journal” муҳбири Эван Гершкович март ойи охирида Екатеринбургда жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган эди. Апрель ойида эса АҚШ Давлат департаменти Гершковични “ноҳақ ҳибсга олинган” деб эълон қилди, бу уни алмашиш бўйича музокараларга йўл очади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь