Германиядаги тошқин транспорт соҳасига қанча зарар етказгани айтилди
Олам
−
21 Июль 2021
5349Германия Транспорт вазирлигининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, яқинда содир бўлган тошқин натижасида мамлакатда транспорт соҳасига етказилган зарар тахминан 2 миллиард еврони ташкил қилиши мумкин. Бу ҳақда “Bild” хабар берган.
Таъкидланишича, мамлакатда темир йўл тармоғига етказилган зарар 1,3 миллиард еврони ташкил этади. Қайд этилишича, трафикни тезроқ тиклашга ёрдам бериш учун федерал ҳукумат зарар кўрган ҳудудларда 300 та вақтинчалик кўприк қурилиши учун пул тўлаши мумкин. Кўприкларнинг яна бир қисмини эса Deutsche Bahn темир йўл оператори қуриши режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, автойўлларга етказилган зарар бир неча юз миллион еврога баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, бугун, 21 июль куни Германия ҳукумати тошқин оқибатларини бартараф этиш учун фавқулодда молиявий ёрдам кўрсатиш механизмини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бунда гап 400 миллион евро ҳақида кетмоқда. Ушбу маблағ бинолар ва коммунал инфратузилманинг жиддий зарарини қоплаш учун сарфланади, шунингдек, муҳтожларга ёрдам бериш учун сарфланиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Ғарбий Европада сўнгги 20 йил ичидаги энг катта тошқин содир бўлди. Германиядан ташқари, Бельгия ва Нидерландия ҳам зарар кўрди. Кучли ёмғирлар Австрия, Швейцария, Франция ва Буюк Британияни қамраб олди.
Германияда тошқин 160 дан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетди.
LiveБарчаси