Германияда теракт тайёрлашда гумонланган ўсмирлар қўлга олинди 

Олам

image

Германиядаги Дюссельдорф округ суди 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган уч нафар ўсмирни Марказий аксилтеррор идораси (ZenTer NRW) талабига биноан ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда бугун, 12 апрель куни Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ҳудуди прокуратураси маълумотларига таяниб, "Deutsche Welle хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, дюссельдорфлик 15 ёшли қиз, Люденшайд яқинидаги Маркиш ҳудудидан яшовчи 15 ёшли ўғил бола ва Арнсберг яқинидаги Зёст ҳудудидан яшовчи 16 ёшли қиз теракт уюштиришни режалаштирган. Прокуратуранинг аниқлик киритишича, гап давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи жиддий зўравонлик актига тайёргарлик кўриш муносабати билан қотилликларни режалаштириш ҳақида кетяпти.
Гумонланувчилар март ойи охирида ҳибсга олинган ва ҳозирда тергов изоляторида. Уларда суд ҳукми чиқарилгунга қадар айбсизлик презумпцияси бор. 

Хабар қилинишича, ўсмирлар ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ суҳбатида ҳужумларни режалаштиришни муҳокама қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари тафсилотларни келтирмаяпти. Германиянинг “Bild” газетасига кўра, гап ўсмирлар ва болалардан иборат бутун бир террорчи ячейкани очиш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Улар суҳбатда Дортмунд, Дюссельдорф ва Кёльнни эҳтимолий ҳужум жойлари сифатида тилга олган, аммо ҳозирча аниқ режа тузилмаган.

Нашрнинг ёзишича, болалар ва ўсмирлар ИШИД террорчилик ташкилоти номидан пичоқ ва молотов коктейллари билан ҳужумлар уюштириш, шунингдек, ўқотар қурол сотиб олиш ҳақида ўйлашган.

Маълумот учун, ўтган йилнинг ноябрь ойида Германия федерал прокурорлари 15 ва 16 ёшли икки ўсмирнинг Янги йил ярмаркасида теракт уюштиришга тайёргарлик кўришда гумон қилиниб, ҳибсга олинганини эълон қилган эди. Гумонланувчилар Шимолий Рейн-Вестфалия ва Бранденбургда қўлга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг