Германиядаги фестивалга ҳужумдан сўнг қирғизистонлик ўсмир қўлга олинди

Олам

image

Германиянинг Золинген шаҳрида (Шимолий Рейн-Вестфалия) пичоқли ҳужумдан сўнг 15 ёшли ўсмир қўлга олинди. Бу ҳақда бугун, 24 август куни маҳаллий полиция маълум қилди.

Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг аниқлик киритишича, ҳозирда қўлга олинган шахснинг ҳужумга алоқадорлиги аниқланмоқда.

"Бир вақтнинг ўзида полициянинг турли тадбирлари, жумладан, турли жойларда тинтувлар олиб борилмоқда", дейилади полиция матбуот хабарида.

Қайд этилишича, терговга Германия федерал органлари ҳам қўшилган.

"Der Spiegel" нашрининг ёзишича, қўлга олинган шахс Қирғизистон фуқароси бўлиб, қочқинлар учун ётоқхонада яшаган. Журналистларнинг фикрича, у ҳужумнинг бевосита ижрочиси билан гаплашиб, яқинлашиб келаётган жиноят ҳақида хабар бермаслиги мумкин бўлган. Нашрининг ёзишича, ўсмир гувоҳлик беришдан бош тортмоқда.

Кеча тунда Германия ғарбидаги Золинген шаҳрининг 650 йиллигига бағишланган фестивал ўртасида шаҳарнинг марказий майдонларидан бирида номаълум шахс пичоқ билан фестивал иштирокчиларига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна саккиз киши яраланди. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир. Жиноятчи фожиа жойидан номаълум ҳолда қочишга муваффақ бўлди.

“Умумий ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, террористик жиноятга оид дастлабки гумонни инкор этиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз”, деди Дюссельдорф катта прокурори Маркус Касперс Вупперталдаги матбуот анжуманида.

Германия канцлери Олаф Шольц Золингендаги пичоқли ҳужумни қоралади. 

"Биз қурбонлар учун мотам тутамиз ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаймиз. Ярадорлар тезроқ соғайиб кетишини тилайман. Жиноятчи тезда қўлга олиниб, қонун доирасида тўлиқ жазоланиши керак", дейди ҳукумат раҳбари.

Германия Ички ишлар вазири Ненси Фезер ўзининг Х саҳифасида немис хавфсизлик идоралари “жиноятчини қўлга олиш ва ҳужум сабабларини аниқлаш учун барча имкониятларни ишга солаётганини” айтди.

"Шимолий Рейн-Вестфалия полицияси федерал ҳукумат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади", дея қўшимча қилди у.

Фезер, шунингдек, пичоқбозлик оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Золинген

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг