Германияда 2 ноябрдан карантин чоралари кучайтирилади

Олам 2461
image

Германияда жорий йилнинг 2 ноябрдан бошлаб коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида янги карантин чекловлари кучга киради. Бу ҳақда мамлакат канцлери Ангела Меркель маълумот берган.

2 ноябрдан бошланадиган қатъий чекловлар камида ойнинг охиригача давом этиши кутилмоқда.

Мамлакатда концерт заллари, музейлар ёпилади. Ярмаркалар, кинотеатрлар, кўнгилочар боғлар, ўйингоҳлар, спорт клублари, сузиш ҳавзалари ва аквапарклар фаолияти тўхтатилади.

Барлар, клублар, дискотекалар, қовоқлар ҳам меҳмонлар учун ўз эшикларини ёпади. Фақат овқат етказиб бериш ва олиб кетиш хизмати амалда бўлади. Дўконлар янги хавфсизлик чораларини ҳисобга олган ҳолда ишлашни давом эттиради. 

Меҳмонхоналар туристларни қабул қилишни тўхтатади. Одамлар уйдан ташқарида энг кўпи билан 10 кишигача йиғилиши мумкин бўлади. 

Мактаблар ва болалар боғчалари эса ўз фаолиятини давом эттиради. 

“Бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимиз бу муаммо билан кураша олади. Бироқ инфекция бу тезликда тарқалса, тизим бир неча ҳафтада ўз имкониятларининг чегарасига етиб бориши мумкин”, дея маълум қилган Ангела Меркель.

Аввалроқ, Россия, Францияда карантин чоралари кучайтирилгани, Туркия эса чораларни кучайтиришни ўйлаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Маълумот учун, Германияда коронавирусга чалинганлар сони 487 мингдан ошган. Бугунгача 10 минг 259 киши вафот этган. 

Дунёда коронавирус юқтириб олганлар 44 миллиондан ошган. 1 миллиондан кўп бемор вирус қурбони бўлган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3.1
t
×