Германия ЕИнинг Россия активларини Киевга ўтказиш режасини рад этади – FT
Олам
−
26 Июнь 2023
7765Германия Европа Иттифоқининг Украинани тиклаш учун Россия Федерацияси Марказий банкининг музлатилган активларини ҳибсга олиш режаларига эътироз билдирди ҳамда бу каби “шошилинч ҳаракатлар” ҳуқуқий ва молиявий таваккалчиликларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Германия ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари Еврокомиссиянинг Россия активларининг бир қисмини Украинани тиклаш учун ўтказиш режаси ўта юқори юридик хавфлар туфайли етарли даражада қўллаб-қувватланишига шубҳа билдирган.
Хусусан, Германия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Москва Украинага етказилган зарарни тўлаши кераклигини айтган ва Берлин санкцияга учраган россияликлар ва компанияларнинг активларини топиш ва музлатиш учун “қонун доирасида қўлидан келган барча ишни қилаётйгани билдирган. Бироқ Украинани тиклаш учун ушбу маблағлардан фойдаланиш мураккаб молиявий ва ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Россия Федерациясига қарши санкциялар тўғрисидаги қарорларни амалга оширган Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг юзлаб миллиард евролик активларини музлатиб қўйган. ЕИ аллақачон активларни тўлиқ мусодара қилиш ғоясидан воз кечган ва ҳозирда музлатилган маблағлардан даромадни Киевга юбориш имкониятини қидирмоқда.
“Европа Иттифоқига аъзо давлатларда бу музлатилган активлардан олинган янги пуллар ишлатилиши кераклиги ва ишлатилиши мумкинлиги ҳақида жуда аниқ ва кенг консенсус мавжуд. Аммо биз бу пулни қандайдир сиёсий қарорга асосланиб оддийгина олиб бўлмаслигимиз ҳам аниқ тушунилади”. газетага исмини ошкор этмаган европалик дипломат айтди.
Бугун, 26 июнь куни Люксембургда бўлиб ўтаётган ЕИнинг 27 давлати Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида бу масала муҳокама қилиниши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь