Германия ва АҚШ жосусларининг маълумотлари тармоққа сизиб чиқди
Олам
−
17 Июль 2023 8493 2 дақиқа
VirusTotal онлайн антивирус платформасидаги носозлик сабаб ушбу портал хизматларидан фойдаланган Америка ва Германия разведка агентликлари ходимлари ҳақида маълумотлар тармоққа сизиб чиқда. Бу ҳақда бугун, 17 июль куни “Der Spiegel” журнали хабар берди.
Қайд этилишичаа, июнь ойи охирида тармоққа 5,6 минг VirusTotal фойдаланувчисининг улар вакили бўлган ташкилотлар номи кўрсатилган рўйхати сиздирилган. Ҳодисадан зарар кўрган тузилмалар орасида АҚШ Қуролли кучлари киберқўмондонлиги, АҚШ Адлия вазирлиги, шунингдек, Федерал қидирув бюроси ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг разведка идоралари ҳамда Германия ҳарбий контрразведка хизмати, Жиноят ишлари бўйича федерал идора, Германия Федерал разведка хизматининг махфий бўлими, Телекоммуникация статистикаси федерал бошқармаси ва Германия полицияси ходимлари ҳам бор.
Айтилишича, сиздирилган маълумотлар фойдаланувчиларнинг исмлари ва электрон почта манзилларидан иборат.
Германиянинг Ахборот хавфсизлиги федерал бошқармаси ҳам мазкур фактни тасдиқлаган ва федерал органлар ходимларини VirusTotal’га ҳеч қандай файл юкламасликка чақирган.
Маълумот учун, VirusTotal зарарли дастурларни текшириш учун фойдаланувчилар шубҳали файллар ёки веб-сайтларга ҳаволаларни юклашлари мумкин бўлган вирусларнинг катта маълумотлар базаси ҳисобланади. 70 га яқин антивирус сотувчилари ушбу хизматдан қурилмаларда троян ва бошқа турдаги зарарли дастурлар мавжудлигини аниқлаш учун фойдаланади. Ушбу платформа Американинг Alphabet корпорациясига тегишли бўлиб, у Google қидирув тизимига ҳам эгалик қилади ва киберҳужумларга қарши курашнинг асосий хизматларидан бири ҳисобланади. У “PC World Magazine” томонидан 2007 йилнинг 100 та энг яхши маҳсулотидан бири сифатида тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШда 237 минг амалдаги ва собиқ федерал ҳукумат ходимларининг шахсий маълумотлари интернетга сизиб чиққанди.