Германия Украинага ҳаво мудофаа тизимини топширди
Олам
−
01 Май 2023 6433 1 дақиқа
Бугун, 30 апрель куни Германия Украинага иккинчи Iris-T SLM зенит-ракета мажмуасини топширди. Бу ҳақда Германия федерал ҳукумати сайтида маълум қилинди.
Айтилишича, Германия Iris-T SLM зенит-ракета мажмуаси билан бирга саккизта Зетрос юк машинаси ва иккита 8х6 контейнер ташиш машинасини ҳам етказиб берган.
Шунингдек, федерал ҳукумат 2022 йил 1 январдан 2023 йил 24 апрелгача бўлган даврда ҳарбий товарларни экспорт қилиш учун берилган индивидуал лицензияларнинг умумий қиймати 3 миллиард еврога яқинлашганини маълум қилган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Федерал ҳукумат товарлар етказиб берилмагунча қўшимча маълумотларни тақдим этмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Германия Украинага тўртта Iris-T SLM ҳаво мудофаа тизимини етказиб беришни ваъда қилган бўлиб, улардан биринчиси ўтган йилнинг октябрида топширилганди. Яқинда эса Украинага АҚШ, Германия ва Нидерландиядан Patriot ҳаво мудофаа тизимлари етиб келди. Дания ва Нидерландия биргаликда 14 та Leopard 2 танкини Украинага топширишни маъқуллади. Март ойида эса учта Dachs зирҳли экскаватори, 70 та MG3 пулемёти, Leopard 2 танклари ва Marder жанговар машиналари учун эҳтиёт қисмлар, шунингдек, 30 та дронларни аниқлаш тизимини топширди.
Live
Барчаси