Германия Украина қарши ҳужумга ўтиши учун 1000 дан ортиқ “спецназ”ни тайёрлаб бермоқда
Олам
−
30 Апрель 2023
6936Немис инструкторлари Германиядаги ўнлаб ҳарбий базаларда мингдан ортиқ украиналик аскарларни шаҳар жангига тайёрламоқда. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Украина махсус кучларига Германиядаги ўнлаб ҳарбий базаларда жанговар ҳаракатлар олиб бориш ва оғир техникалар, жумладан, Leopard 2 танклари ва ўзиюрар Panzerhaubitze 2000 гаубицаларидан фойдаланиш ўргатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Украина қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳужум қачон бошланишига аниқлик киритилмаган, бироқ у баҳорнинг охири ва ёзнинг бошларида амалга оширилиши мумкинлиги тахмин қилиняпти.
Аввалроқ АҚШ ва Австралия армиясининг истеъфодаги генераллари Украина қачон ҳужумга ўтиши, бунда асосий мақсад қайси ҳудудларни қайтариб олиш экани, мамлакатнинг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида батафсил маълумот берганди. Шунингдек, АҚШ Украинанинг қарши ҳужумидан ўзгариш бўлишига шубҳа қилмоқда.