Германия туркияликлар депортациясини кенгайтирмоқда

Олам

image

Германия канцлери Олаф Шольц ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған депортация бўйича келишувга эришди, бу эса келажакда ҳар ҳафта Германиядан 500 га яқин Туркия фуқаросини ватанига қайтишини кўзда тутади. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Frankfurter Allgemeine Zeitung” газетаси хабар берди.

Келишувдан олдин Берлин ва Анқара ҳукуматлари ўртасида бир неча ойлик музокаралар бўлиб ўтган. Биринчи босқичда жами 200 кишининг Туркияга депортация қилиниши режалаштирилган. Репатриация (ватанга қайтиш) мунтазам рейсларда босқичма-босқич ва марказлаштирилмаган ҳолда амалга оширилади. Федерал штатлар зарур ҳужжатларни олишда ёрдам беради. Германия Ички ишлар вазири Нэнси Фазер Германияда ноқонуний яшаётган турк муҳожирларнинг ватанига қайтарилиши изчиллик билан амалга оширилишини таъкидлади.

"Туркияга репатриациянинг тезроқ ва самаралироқ амалга оширилишини ва Туркиянинг Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларини тезда қабул қилишини таъминладик. Бу олдинга катта қадам ва ноқонуний миграцияни чеклашда янги босқичдир", дейди у.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ёки Кения билан тузилган бошқа миграция келишувларидан фарқли ўлароқ, Туркия билан келишув Германияга муҳожирларни кенг миқёсда ватанига қайтариш имконини беради. Сўнгги йилларда Германияга тобора кўпроқ турк муҳожирлари етиб борди, бироқ уларнинг ватанига депортацияси Германия учун ҳамкор давлат бўлган Туркиянинг геосиёсий роли туфайли мураккаблашди.

Олдинроқ дипломатик манбалар Туркия Германиядан чиқариб юборилиши мумкин бўлган фуқароларининг ватанига қайтарилишига тўсиқ қўяётгани ҳақида ҳуқуқий жиҳатларга асосланиб хабар берган эди. Германия ҳукумати “Германия учун альтернатив” партияси сўровига жавобан 2023 йилда 1300 нафар турк фуқароси Германиядан ўз ватанига қайтарилганини маълум қилди.

Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идора маълумотларига кўра, 2024 йил апрель ойи ҳолатига кўра, 14500 га яқин туркиялик Германиядан депортация қилиниши керак эди.

Туркия билан тузилган янги миграция келишуви Анқара учун имтиёзми ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Туркия узоқ вақтдан бери Германияни виза режимини юмшатишга ҳаракат қилиб, Германия расмийларини виза аризаларини асоссиз равишда рад этишда ёки ҳужжатларни кўриб чиқишни жуда кечиктиришда айблаб келади. Келишувдан сўнг Туркия осонроқ виза режимига умид қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Туркия айни дамда Германияда муҳожирлар сони бўйича учинчи ўринда туради. Жорий йилнинг 8 ойида 21590 нафар Туркия фуқароси Германиядан бошпана сўраб мурожаат қилган. 2023 йилда бошпана сўраган туркияликлар сони ўтган йилга нисбатан 150 фоиздан ошган. Ўшанда Туркия бошпана изловчиларнинг келиб чиқиш мамлакати сифатида Германияда Суриядан кейин иккинчи ўринга кўтарилган. Бу йил Туркия Афғонистондан кейин учинчи ўринга тушди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Олаф Шольц депортация Репатриация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг