Германия кемаси Қизил денгизда АҚШ дронини уриб туширмоқчи бўлди – CNN 

Олам

image

Европа Иттифоқининг Қизил денгиздаги “Aspides” (“Қалқон”) операциясида иштирок этган Германиянинг Hessen фрегати хатолик туфайли Америка учувчисиз самолётини уриб туширишга уринди. Бу ҳақда кеча, 28 февраль куни Пентагон вакилига таяниб, CNN хабар берди.

“Фрегат яқинида дрон кузатилган. Hessen уни ўққа тутмоқчи бўлди, бироқ нишонга тегмади”, дея аниқлик киритади телеканал.

Қайд этиш жоизки, олдинроқ “Welt” нашри Германия Мудофаа вазирлиги вакили Михаэль Штемпфлега таяниб, Hessen фрегати иттифоқчи давлатлардан бирининг учувчисиз учоғини ўққа тутганини хабар қилганди. 

Унга кўра, немис денгизчилари дастлаб аниқлай олмаган дрон 28 февраль куни эрталаб ўққа тутилган. Ҳужум оқибатида дрон шикастланмаган.

Мудофаа вазирлиги вакилининг қўшимча қилишича, ҳужумдан олдин Hessen барча иттифоқчи давлатлардан сўраган ва уларнинг ҳеч бири жанговар ҳудудда ўз дронига эга бўлмагани ҳақида хабар берган. Кейинчалик бу Германия иттифоқчисининг дрони экани маълум бўлди.

“Welt”нинг ёзишича, MQ-9 Reaper типидаги Америка дронига ҳужум қилинган. У идентификация қилиш учун ёқиладиган транспондерсиз ва бошқа мамлакатлар ҳарбий кемаларининг хабарисиз ҳавога кўтарилган.

Маълумот учун, Ғазо секторида Фаластин-Исроил можароси авж олганидан сўнг, ҳусийлар анклавдаги ҳарбий операция тугамагунча, Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштиришларини ва уларга тегишли кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслигини маълум қилди. Ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери улар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.

Катта хавф-хатарлар туфайли йирик кемага эгалик қилувчи компаниялар Қизил денгиз бўйлаб ва Сувайш канали орқали Осиё ва Европа ўртасидаги энг қисқа йўлдан фойдаланишдан тобора кўпроқ бош тортмоқда. Бу глобал савдо учун жиддий муаммолар туғдиради, шунинг учун ҳам АҚШ ва Буюк Британия яқинда ҳусийларнинг Ямандаги нишонларига зарбалар берган. Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррель ЕИ давлатлари Қизил денгиздаги савдо кемаларини ҳимоя қилиш бўйича ўз миссиясини 19 февралдан бошлашга келишиб олганини маълум қилган. Бироқ Европа Иттифоқи АҚШ ва Буюк Британия каби Яман ҳудудига ҳужумларда иштирок этишни истамаслигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни кечқурун Қизил денгизда тижорий юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Европа Иттифоқининг “Aspides” (Қалқон) операциясида иштирок этган Германиянинг Hessen фрегати Ямандаги ҳусийларнинг биринчи ҳужумини қайтариб, ҳусий самолётларининг иккита нишонига муваффақиятли зарба берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия АҚШ Европа Иттифоқи Қизил денгиз Hessen MQ-9 Reaper

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг